“Аллоҳдан хасталикдан омонлик тиладим”
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Мен шифокорман, шу сабабли профилактика даволанишдан анча арзон тушишини биламан. Юртимизга ҳали коронавирус касаллиги кириб келмасидан олдин кора седана уруғини сотиб олдим. Уни блендерда кукун ҳолатига келтирдим ва оиламиз билан уни 1 чой қошиқдан эрталаб оч қоринга озгина тоза асал билан қориштириб, истеъмол қилдик. Тайёр массани ичгач, кетидан қайнаган сув ичдик. Иммунитетни мустаҳкамлаш мақсадида яна “Кыст ал хиндий” кукунини сотиб олдим. Уни ҳам бир оз муддатдан сўнг ичдим. Бошка ҳеч қандай нарса қабул килмадим.

Юртимизда  коронавирус пандемияси бошланган кезлар. Ҳар куни тонгги ва тунги зикрларни тарк қилмасликка ҳаракат килардим. Айниқса,  “Кимки Уни ўқиса, кечгача ёки тонггача унга зарар етмайди”, деб таърифланган дуоларни ўқишга ҳаракат қилдим. Ҳар кун уйдан чиқар эканман, “Бисмиллаҳи таваккалту аълаллоҳи вала ҳавла вала қуввата илла биллаҳ” дуосини тарк этмайман.

Бир куни касбим тақозоси билан бемор аёлни қабул қилдим. У йўтал, ҳолсизлик, томоқда қичишиш тинмай безовта қилаётганини айтди. Уни текширар эканман, у касалхонага ётиши зарурлигини, ўпкасини янада чуқурроқ текшириш лозимлигини уқтирдим. Аммо бемор аёл айни пайтда кўп касалхоналар карантинда ёпилганлиги сабабли ётгиси келмаётганини айтди. Беморнинг ҳолати яхши эмас эди. Унга яна стационар даво ҳам зарурлигини таъкидладим. Бемор аёл уйда даволаниши учун дори воситалари тавсия қилишимни илтимос килди. Даво муолажасини ёзиб, яна  текширувлардан  ўтиб, касалхонага боришини тайинладим. Хуллас...

Ўша бемор эртаси куни касалхонага госпитализация қилинибди. Унда коронавирус касаллиги аниқланибди. У билан мулоқотда бўлган барча инсонларни, жумладан, мени ҳам карантинга олишди. Мен у бемор билан яқин мулоқотда (маска ва перчаткада эдим!) бўлганлигимга қарамай, бу хасталикдан Аллоҳнинг марҳамати ва изни билан саломат қолдим.

Бутун карантин даврида мен билан бирга изоляция қилинган йигирма нафарга яқин кишининг эс-ҳуши мен бўлдим. Кейинроқ мен билан изоляция қилинган бир ҳамшира шундай ҳикоя қилиб берди: “Ўшанда ҳаммамизнинг фикри хаёлимииз сиз эдингиз.  Бемор аёлни шу шифокор қабул қилган, ҳолати қандай бўларкин? Касалликни юқтирганми ёки йўқми? Агар у яхши бўлса, биз ҳам саломатмиз, чунки биз ундан анча узоқроқдаги мулоқот қилган шахслармиз, бизга ҳам зарар етмайди. Акси бўлса-чи... Бундай ўйловлар бизни жуда қийнарди...”

Карантин даврида Аллоҳга дуоларни, зикрларни янада кўпайтирдим. Ўзим ва атрофимдаги ҳамкасбларимга, аҳли оиламга бу хасталикдан омонлик тилардим. “Тибби Набавий”да эслатиб ўтилган қора седанани ва “Кыст ал хиндий” кукунини қабул қилишни тўхтатмадим. Алҳамдулиллах, карантин муддати тугагунча менинг саломатлигимда ҳеч қандай салбий ўзгаришлар кузатилмади. Мен уйимга соғ-саломат қайтдим. Бутун вужудимни  тасвирлаб бўлмас туйғулар қамраб олган эдим. Уни қалам билан тасвирлаб  беролмайман. Алҳамдулиллаҳ...

 Аллоҳим, Ўзинггагина беҳисоб ҳамду санолар ва шукрлар бўлсин! Ёлғиз Ўзингга муножот этгувчилардан қил! Ёлғиз Ўзинг бандаларингни турли бедаво касалликлардан ҳифзу ҳимоя қиласан!

 Мен сизларга бу воқеани сўзлаб беришдан мақсадим нима? Мақсадим,  битта, бу касалликдан омонда бўлиш йўлини истасангиз, аввало  Аллоҳнинг зикри ва ибодатида бардавом бўлинг. Ҳар доимгидан-да зикрларни кўпайтиринг. Шахсий ҳимоя воситаларига бепарво бўлманг. “Тибби Набавий”да қайд этилган “Ўлимдан бошқа барча касалликларга шифо” деб таърифланган қора седана ва “Кыст ал хиндий” каби иммунитетни рағбатлантирувчи воситаларни мунтазам қўллашга ҳаракат қилинг. Ва албатта Аллоҳдан яхши гумонда бўлинг!

Ферузахон Обидова,

muslimaat.uz сайти шифокори

Мавзуга оид мақолалар
Яқинда америкалик тадқиқотчилар бу меванинг қаришга қарши хусусиятларини аниқлашди. Уч йил давомида бир давоми...

16:47 / 12.06.2020 4708
Ҳар бир аъзоимизнинг ижтимоий ҳаёт, оила билан боғлаб турувчи эмоционал ҳолатлари бўлиб, бу ҳолатлар ақлий давоми...

04:09 / 09.07.2020 3383
Бола ўзи мустақил равишда қарор қабул қилишни ўргана бошлагачгина, ўзини англай бошлайди. Агар отаона давоми...

21:27 / 21.06.2023 935
1. Жинсий етилиш. Ташқи таъсирлар дугоналари ёки оммавий ахборот воситалари таъсирида қизлар жозибалироқ давоми...

18:21 / 19.10.2022 2865