Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратлари Усмонхон Алимовнинг таъзияномаси
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

الْحَمْدُ للهِ الَّذِي خَلَقَ الْمَوْتَ وَالْحَيَاةَ لِيَبْلُوَنَا أَيُّنَا أَحْسَنُ عَمَلاً

والصَّلاَةُ والسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ أَجْمَعِين

إنا لله وإنا إليه راجعون

Куни кеча юртимиз мусулмонлари улкан мусибатга, оғир жудоликка учради. Кўп йиллардан бери нафақат юртимиз, балки бутун мусулмон оламига сермаҳсул хизматлари билан танилган муҳтарам устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилдилар.

Дарҳақиқат, Қуръони Каримнинг жуда кўп ояти карималарида ҳар бир жон эртами, кечми ўлим аччиғини тотиши аниқ экани, ҳар бир инсон бу фоний дунёнинг матоҳини эмас, боқий дунё саодати учун яхши амаллар қилиши лозимлиги ҳақида уқтирилади. Жумладан, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

كُلُّ نَفْسٍ ذَائِقَةُ الْمَوْتِ ثُمَّ إِلَيْنَا تُرْجَعُونَ

«Ҳар бир жон ўлим (аччиғи)ни тотувчидир. Сўнгра (қиёмат куни) Бизга қайтарилурсиз» (Анкабут, 57).

Биз устозимизнинг ҳар бир қилган ишларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини, суннатларини ўрганар эдик. У кишидан илм ва одобни бирдек олар эдик.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф халқ хизматига астойдил бел боғлаган севимли пешволардан эдилар. У киши Робита ал-олам ал-исломийнинг таъсис мажлиси, Бутунжаҳон тасаввуф уюшмаси, Бутунжаҳон мусулмон халқлар бошқарувининг Бош котибияти, Бутунжаҳон Даъват уюшмаси, Бутунжаҳон Уламолари кенгаши, Бутунжаҳон Ислом уюшмаси, Маккаи Мукаррамадаги Бутунжаҳон Мутафаккир уламолари йиғинининг ижроия қўмитаси, Бутунжаҳон Масжидлар уюшмаси, Иорданиядаги Оли Байт муассасасига қарашли Исломий фикрлар академияси каби халқаро ташкилотларнинг аъзоси эдилар.

Устоз диний илмларни ривожлантириш йўлида самарали ижод қилдилар. У кишининг «Иймон», «Тасаввуф ҳақида тасаввур», «Ихтилофлар ҳақида», «Дин насиҳатдир», «Шоядки, тақводор бўлсак», «Поклик иймондандир», «Ҳаж ибодати», «Исломда инсон ҳуқуқлари», «Жамият кўксига урилган заҳарли ҳанжар», «Ислом мусаффолиги йўлида», «Ислом маънавий жиноятларга қарши», «Рамазонни қандай қаршилаймиз», «Сунний ақидалар», «Кифоя», «Одоблар хазинаси», «Руҳий тарбия», «Ҳадис ва ҳаёт», «Тафсири ҳилол», «Олтин силсила» туркуми, рус тилида нашр этилган «Васатыя – путь жизни», «Ислам и экология», «Способны ли вы верить в существование Аллаха (О вере)» каби кўплаб илмий-маърифий асарлари нашр этилган.

Бундан ташқари, интернет тармоғида у зотнинг раҳбарликларидаги қуйидаги: www.islom.uz, www.quran.uz, www.islam.uz, www.info.islam.uz, www.muslimaat.uz, www.hadis.islom.uz, www.halol.org.  вебсайтлар ишлаб турибди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, уламолар, имомлар ва мударрислар номидан Шайх ҳазратларининиг оила аъзоларига, яқинларига чуқур таъзия изҳор этамиз. Аллоҳ таоло Устознинг қилиб ўтган яхши амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Қолдирган бой илмий меросларидан халқимиз кўп йиллар манфаатдор бўлишини муяссар қилсин.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг охиратлари обод бўлсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси,

муфтий ҳазратлари Усмонхон Алимов

Мавзуга оид мақолалар
forum.muslimaat.uz Бугунги кунда ўзбек халқининг, хусусан, ўзбек аёлларининг қалбидаги турли муаммоларини, давоми...

17:00 / 23.08.2019 4792
Диний қадриятлар ва эътиқод эркинлиги бўйича минтақавий халқаро шартномалар Хадичаи Кубро аёлқизлар ўрта давоми...

18:57 / 19.01.2018 4133
Бир зарурат учун туман марказига чиқиб, уйга қайтаётган эдим. Биз томон қатновчи машинани тўхтатдим. давоми...

13:10 / 09.02.2019 3095
Жорий йилнинг 18 сентябрь куни Тошкент шаҳридаги «Хўжа Аламбардор» жомеъ масжидида XXIV Республика давоми...

06:05 / 30.12.2016 3849