«Пешқадам мактаби» ўқув марказининг сарҳисоб тадбири бўлиб ўтди
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ ҳаётларини ўқир экансиз, у кишининг  болаликларидан “пешқадам” бўлганини билиб оласиз. Нафақат  ёшлик пайтида, ҳатто улғайиб ҳам бу пешқадамликни қўлдан бермадилар. Улардан ибрат олган ҳолда, қизлари Одинахон Муҳаммад Содиқ ҳам юртимиз аёллари ҳар соҳада пешқадам бўлишларини ният қилиб, ўқув маркази ташкил этди ва бу марказга «Пешқадам мактаби» деб ном берди.


“Пешқадам мактаби" ўқув маркази ўз фаолиятини 2023 йилда бошлади. Бу  марказ ўтган йил мобайнида кўплаб опа-сингилларимизнинг турли соҳаларда ўқиб,  салоҳиятли, билимли  бўлишларига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.


Кеча, 2024 йил 3 январь куни ўқув марказимиз бир ёшга тўлди. Шу муносабат билан сарҳисоб тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда муҳтарам устозлар, пешқадам талабалари ва кўплаб ихлосманд опа-сингилларимиз иштирок этишди.


Тадбир Қуръони Карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди. Устоз Эркин Малик сўзга чиқиб, Ҳазрат билан боғлиқ гўзал хотираларни сўзлаб бердилар. Устоз ўқув маркази очилган пайтда: «Бу ўқув марказига келган ҳар бир ўқувчи Ҳазратим ҳақларида билиши керак...” дея таклиф киритганлари, бугунга қадар ўзлари билган маълумотларни кўпчиликка беминнат етказиб келаётганлари ҳақида гапириб ўтдилар .


Ўқув марказининг фаолиятини ривожлантиришда қўшган ҳиссалари учун устоз Эркин Малик, ҳуқуқшунос Улуғбек Аҳмаджонов, график дизайнер Раҳматхўжа Муҳаммадхўжаев марказ директори Наврўз Джумаев томонидан тақдирландилар.


Марказда ташкил этилган курслар ичида энг кўп аёл-қизлар ўқиган, энг манфаатли курс сифатида «Китобхонлик» курси эътироф этилди. Бу курс бугунга қадар 5 та мавсумда онлайн ҳамда офлайн тарзда олиб борилди. Уларда 500 га яқин аёл-қизлар билим олишди. «Китобхонлик» курсининг, ундан ташқари яна бир қанча лойиҳаларнинг муаллифи устоз Одинахон Муҳаммад Содиққа  ўқув маркази бошқарувчиси Нодира Умарова ташаккурнома топширди.


Шунингдек, тадбир давомида ўқув маркази битирувчиларининг курслар ва устозлар ҳақидаги гўзал эътирофлари, фикр-мулоҳазалари видеолавҳалар орқали намойиш этилди. Курсларда таълим олиб,  аъло натижаларга эришган энг фаол ўқувчилар,  жумладан, Арофат Раупова, («Китобхонлик»)  Нозимахон Гаипова (“Вокал дарслари»),  Дилобар Арабова (“Саводхонлик мактаби»), Саодат Абдуллаева («Тасвирий санъат») , Назокат Исломбекова (“Оила психологияси”) курс устозлари томонидан тақдирландилар.


Устоз  Одинахон Муҳаммад Содиқ  ўқув маркази фаолияти ҳақида гапираркан,  илм даргоҳларини очишда  фидойилик кўрсатган мағриблик, асли тунислик бўлган Фотимаи Фиҳриянинг илм йўлидаги матонатлари ҳақида ибратли ҳикояни сўзлаб бердилар.  


Йил сарҳисоби давомида курс ва семинарларимизга ташриф буюриб, ўқувчиларга ўзларининг бебаҳо билимларини улашган меҳмон устозларимиз, жумладан, Ҳасанхон ва Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид, Муҳаммадали Эшонқулов, Икром Шариф, Абдулазиз Муҳаммад, Ғиёсиддин Юсуф, Нигора Усмонова, Соҳиба Қурбонова, Комила Тураева, Дилором Алимова, Зайнаббегим Юнусова, Зуҳра Ҳамдамова каби устозларнинг ҳам ҳиссалари эътироф этилди.


Шу кунга қадар ўқув марказимизда салкам минг нафарга яқин  аёл-қизлар таҳсил олиб, турли соҳалардаги билимларни эгаллашди. Албатта, бу опа-сингилларимиз ҳам  пешқадамлар сафига қўшилишди, деган умиддамиз.


Манба
Мавзуга оид мақолалар
Дунёга машҳур америкалик хонанда Акон тўлиқ исми Алиум Дамала Бадара Эйкон Тиам Маккаи мукаррамага ташриф давоми...

02:00 / 01.06.2020 2905
Шотландия телевидениясида биринчи марта ҳижобли тележурналист ўз фаолиятини бошлади. Бу ҳолат давоми...

16:45 / 14.08.2020 2550
Испаниялик Аманда Фигерас учун бу йилги Рамазон биринчиси эмас. У шаҳодат калимасини келтирганига бир неча давоми...

15:57 / 14.05.2020 3508
Доғистонлик 10 ёшли Сайидмуҳаммад Багандов пул йиғиб, умрага борди. Тўрт йил олдин боланинг онаси ҳажга давоми...

18:19 / 27.01.2020 3490