Байрамингиз муборак бўлсин, азиз устозлар!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муқаддас Ислом дини манбаларида илм, уламолар ва толибларнинг фазли ҳақида ниҳоятда кўп ва хўп маълумотлар келган. Асосий масала бу маълумотлардан хабардор бўлиш эмас, балки оят ва ҳадисларда айтилган сифатларга соҳиб бўлишдир.

Инсонлар ўзларини турли сабаблар билан бахтиёр ҳис қиладилар. Масалан,  мусулмон оилада дунёга келиш, соғлом бўлиш, имкониятлар эшиги у учун доим очиқ бўлиши ва бошқа кўплаб омилларни "бахт" деб аташи мумкин. Аммо менинг наздимда,  таълимга илк қадам қўйилган кунлардан бошлаб то ҳаётимиз сўнгига қадар яхши устозлар қўлида таълим олиш бу ҳақиқий бахт. Яхши устоз мураббий ўз талабаларига нафақат илмни таълим берди, балки уни ўз феълида, хулқи ва одобида кўрсатиб ҳам беради. Бу билан талаба устозидан илм масалаларини ўрганиш билан бирга,  ўз шахсиятини ҳам шакллантиради, баркамоллик сари қадам ташлайди.

Аллоҳ таолога беҳад шукрлар бўлсинки, мен ҳам ҳаётимда менга илмий масалаларни таълим беришдан ташқари, ҳақиқий мусулмон  эътиқодда, амалда, одобда қандай бўлиши кераклигини амал билан кўрсатиб берадиган устоз насиб этди. Бу азиз,  муҳтарама инсон — устоз

Одинахон Муҳаммад Содиқ!

Мен улардан нафақат Қуръон, ҳадис, ақийда, фиқҳ, сийрат дарсларига оид илмларни, балки Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг хулқларини ўргандим.

Туркия сафарларининг бирида, илмий учрашув асносида бир инсон ўзини ниҳоятда беодоб тутди. Шунда устозимнинг унга қилган жавоблари, ўзларини ниҳоятда одоб доирасида тутишлари ақлимда Расулуллоҳ алайҳиссаломни жонлантирди. У зот алайҳиссалом ҳам модом Аллоҳнинг дини хорланмас экан, ўз нафслари учун бирор кимсага қаттиқ гапирмас, ўч олмас, бирор кимсани чертмас эдилар. Устозимда одобни, ҳалимликни, авфни  кўрдим ва ўргандим.

2023 йил 14 август куни сайтнинг  "Сарҳисоб — 1444" тадбири бўлиб ўтди,  тадбир олди бироз техник носозлик кузатилди. Ўзимга назар солдим. Шундай вазиятда ўзимни қандай тутар эдим?! Хаёлимдан уялдим. Устозимга қарадим. Юзларида табассум, ҳеч бир ходим ва масъулларга жаҳл қилиш ҳолати йўқ. Нутқ сўзладилар, нутқларида ҳар бир иш Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлишини ва биз бандалар унга таслим ва рози бўлишимиз кераклигини англатдилар. Биз ҳам иймон асосларини  қазою қадарга, яхшилик ва ёмонлик Аллоҳдан эканига иймон келтириш деб ёддан айтаверамиз. Аммо нафсимизга ёқмайдиган ҳолатларга тушиб қолсак, шу розиликни ўзимизда камдан кам топамиз. Устозимда розиликни кўрдим ва ўргандим.

Ҳар қандай йўқотиш инсонни бироз саросимага солади. Айниқса бу иш фаолиятига тегишли бўлса. То ечими топилгунча инсон ўзининг феълини бошқаларга кўрсатиб олади. Аммо ишнинг бошидан Аллоҳга чин таваккул қилиш, ишониш, Аллоҳга тамомий суяниш уламоларнинг сифатларидан экан. Устозимда чин таваккул ва унинг ортидан келувчи хотиржамликни кўрдим ва ўргандим.

Устозимиздаги бу каби яхшилик ва фазилатларни санасак, адоғи йўқ. У кишини  ҳар кўрганимда, сўзлашганимда ишларидан ва сўзларидан ўзимга ҳикматлар кашф қиламан. Зеро, ҳикматлар рисолат маъданларидан қайнаб чиқувчи булоқлар бўлиб, Аллоҳ таоло уларни чин олимларнинг оғизларига жойлар экан.

Аллоҳ у кишини доим ўз ҳифзи ҳимоясида асрасин, яхшиликлари ва илмларидан доимо биз бандаларини фойдалантирсин, Қиёматда пайғамбарлар, улуғ олиму фузалолар сафидан жой берсин. Омийн.

Байрамингиз муборак бўлсин, азиз устозлар!


Комила Абдувалиева


Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Ўта камтарлик ҳам манманлик белгисидир «Ухдуд эгалари» ҳақидаги ривоятда кунлардан бирида йигит йўлда давоми...

10:36 / 25.10.2016 3730
Учинчи Бошқа ҳукмлар Шахсий саҳифа профиль маълумотларида ёшини ёлғон равишда ёзишнинг ҳукми Бу ҳам давоми...

16:00 / 11.09.2019 2614
Ислом дини ақидаларидан сўз очилганда, қайси мавзуда баҳс юритилмасин, гап Аллоҳ таолонинг чексиз қудратига давоми...

03:15 / 15.11.2016 3419
ҲАММАМИЗ АЛЛОҲНИНГ ПАРДАСИ БИЛАН ЯШИРИБ ҚЎЙИЛГАНМИЗ Муҳаммад Саъид Рамазон алБутийнинг жума хутбаси, 1 давоми...

10:55 / 03.04.2019 4525