Бир коса гўжа
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу воқеа яқин кунларда, Рамазон ойи кезлари юз берди. Ишдан одатдагидан кечроқ қайтар эканман, кечги ифторликка бирон таом ҳозирлашга улгуролмаслигим гумони ғолиб кела бошлади. Нима қилсам экан? Йўл- йўлакай дўконга кириб, бирон ярим тайёр маҳсулот сотиб олиб, уйда пиширишни кўнглимга тугдим. Шу пайт дўкондаги музлатгичда кичик идишларда турган  гўжани кўриб қолдим. Анчадан бери гўжа оши ичмаганимданми, жуда уни тановул қилгим келди. Айни пайтда уйда икки кишигина бўлганимиз учун иккита идишдаги гўжани сотиб олиб, уйга шошилдим. Кела солиб соатга қарадим, ифтор вақти яқинлашиб қолибди...

Ошхонада чой-пойларни тайёрлаб, дастурхонни тузагунимча кўча эшикдан  қўшнилар чақириб қолишди. Беморлари бор экан, уларни кўрикдан ўтказиб, зарур муолажаларни тайинлагунимча, орқасидан яна бошқа бемор келиб қолди... Улар билан овораману, кўнглим ошхонадаги стол устида турган гўжада...

“Ҳозир буларни кузатаману, кириб ифтор қиламан, оғзимни очишим билан гўжани ейман... Ҳа-я, аввал шомни ўқиб олишим керак...”

Шу аснода хўжайиним ошхонага бирров кириб, бир нарса кўтариб чиққандек кўринди. Эътибор ҳам бермадим. Ниҳоят  беморларим кетиб, бўшагач, ошхонага чопдим. Кирсам, сузиб қўйган гўжам йўқ!  Меҳмонхонага кирдим, хўжайиним ошнаси билан ҳангомалашиб, гўжа ичиб ўтирибдилар. Ёш боладек кўнглим бузилиб кетди...

“Майли, насиб эмас экан-да...”  дедим. Аммо, ўша пайт роса гўжа ичгим келган эдики... асти қўяверинг.

Шу пайт яна кўча эшикдан биров чақирди. Чиқиб қарасам, сал нарироқдаги бир қўшним. Оналарининг қон босимлари кўтарилиб кетган экан, чиқиб кўриб беринг, деди. "Хўп”, дедиму қўшнимникига йўл олдим. Онахонни кўрикдан ўтказдим, қон босимлариям меъёрида чиқди. Кейин билсам, уларнинг тонометрлари бузилиб қолган экан. Шуни айтиб, бош оғриғи  бошқа сабабданлигини аниқлаб, муолажага дорилар ёзиб бердим.  Ўрнимдан туришга ҳозирланган эдимки, қўшним  дастурхонга таклиф қилди. Ноилож ўтирдим. Шу он, иссиққина бир коса овқатни менга узатишди. Не кўз билан кўрайки, сал олдин кўнглим жуда тусаб, ичолмаган бир коса гўжа эди... Овқатни кўриб, бир ажабланаман, бир куламан. Ҳолатимдан таажжубланган қўшнимга бўлиб ўтган воқеаларни айтиб бердим.  Қўшним: "Субҳоналлоҳ,  ризқингиз бизникида экан-да...", деди. Гўжамни бисмиллаҳ, деб маза қилиб ичиб олдим...

Кўнглимдан милт этиб ўтган хаёлни-да  билиб, уни менга ҳозир қилиш учун қўшнимнинг тонометрини носозлигини сабаб қилиб, ризқим томон мени етаклаб қўйган Аллоҳ таолога битмас-тугамас ҳамду санолар бўлсин. Анчадан бери чиқолмай, ҳолидан хабар ололмай юрган қўшнимни зиёрат қилиб, силаи раҳм эшигига чорлаб қўйган Роббимга шукрлар бўлсин!


Феруза Обидова,

шифокор

Мавзуга оид мақолалар
Баъзиларимиз ибодат деганда намоз ўқиш, рўза тутиш, закот бериш ва ҳаж қилиш каби амалларни тушунамиз, давоми...

06:25 / 30.12.2016 17246
«Хадичаи Кубро»да катта тадбир бўлиб ўтди     Бугун 2017 йил 30 ноябр куни «Хадичаи Кубро» Ислом ўрта махсус давоми...

22:39 / 30.11.2017 5478
Инсоннинг маълум моддий, жисмоний эҳтиёжлари борлигини ҳеч ким рад қилмайди. Биз озиқовқат, кийимкечак, давоми...

10:09 / 09.04.2019 3030
embedhttpswww.youtube.comwatchvKIXmv3sVkxMembed

18:41 / 13.08.2018 3298