«Пешқадам карвони» лойиҳасига марҳабо!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Пешқадам карвони» лойиҳасига марҳабо!


Дин ходими ўзи юриб бораётган Ислом  карвонининг манзил сари боришида ўз кучи билан ёрдам беряпти, деб ўйламасин.

Балки у ўзини (шу меҳнати орқали) ўша карвонга чиқиб олиб, манзилга омон-эсон етиб оляпман, деб ўйласин. Зотан, бу карвон ўзи юраверади, унга хизмат қилаётганлар фақат ўзларига ёрдам берган бўлишади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф


Ушбу лойиҳа ҳазратимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг хотирасига бағишланади.


Маълумки, ўзбек халқининг жонкуяр фарзанди фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ ўзининг бутун умрини Исломга, динимиз равнақи, юртимиз ривожи, халқимиз бахт-саодати учун бахш этган буюк уламолардан эди. У кишининг шонли ҳаёт йўли ҳар биримизга таниш. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ қисқа бўлишига қарамай, ниҳоятда баракали, хайрли умр кечирди. У кишидан қолган бой илмий мерос – юздан ортиқ китоблар, аудио, видео шаклидаги мавъиза ва дарсликлар бунинг яққол далилидир. Булар беназр олимнинг халқимиз фаровонлиги йўлида амалга оширган ишларидан бир парча, холос.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ талабалик давридаёқ ўзининг илм-маърифатга бўлган муҳаббати, бу йўлда олиб борган саъйи-ҳаракатлари, устозларига нисбатан ҳурмат-эҳтироми, изланувчанлиги, турли ижтимоий-маърифий тадбирлардаги жонкуярлиги билан бошқалардан   ажралиб турган ва ўзининг тенгқурлари, замондошлари ичида Пешқадам деган муносиб номга сазовор бўлган эди. Умрининг сўнгги дамларигача «Пешқадам» деган васфга содиқ бўлиб яшади, халқининг юрагидан муносиб ўрин олди...

Энди эса Шайх ҳазратларининг фарзандлари, шогирдлари халқнинг илм-маърифатли бўлишида, уларга динимизнинг асл таълимотларини етказишда падари бузрукворларининг илмий мерослари қанчалар аҳамиятли эканини англаган ҳолда улкан лойиҳага қўл урдилар.


Muslimat.uz сайти, Bintu Sodiq ҳамда Muallim media ижтимоий-маърифий каналлари раҳбари Одинахон Муҳаммад Содиқ ўзи асос солган янги лойиҳани халқимиз томонидан оталарига берилган васф ҳамда сўзимизнинг аввалида келтирганимиз – Ҳазратнинг  мавъизаларига асосланиб, «Пешқадам карвони» деб атади.

Бу лойиҳа жуда катта, кенг кўламли, кўп тармоқли ва энг асосийси, кенг оммага мўлжалланган. Ундан катта мақсадлар, катта манфаатлар, катта натижалар кўзланган. Зеро, Ҳазратнинг илмий меросларини кенг оммага тарғиб қилиш, уни давом эттириш ишларини озчилик билан амалга оширишнинг мутлақо имкони йўқ. Шунинг учун ҳам бу лойиҳани амалга оширишда кўпчиликнинг ёрдамига, саъйи-ҳаракатига, ҳамжиҳатлигига эҳтиёж бор. Шу маънода «Пешқадам карвони» лойиҳасини юриб бораётган узун бир карвонга, Пешқадамимиз бўлмиш ҳазратимизни карвоннинг энг асосий карвонбошиси – сарбонга, лойиҳанинг ходимларини эса чин ихлос билан, ўз меҳнати билан карвонга чиқиб олган тижоратчиларга, катта мақсад билан йўлга чиққан йўловчига ўхшатиш мумкин.

Лойиҳадан асосий мақсад – фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг илмий меросларини бутун Ўзбекистон бўйлаб, қолаверса, бошқа юртлардаги ўзбекзабон мусулмонларга тарқатиш, бир сўз билан айтганда, ҳазратимизнинг ўзлари жорий қилган қуйидаги шиорга амал қилиш:

«Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб, амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, бағрикенлик ва биродарлик руҳини тарқатиш, диний саводсизликни тугатиш, ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш, мутаассиблик ва бидъат-хурофотларни йўқотиш».


«Пешқадам карвони» лойиҳаси барча учун мўлжалланган. Фақат ҳар ким имкониятидан келиб чиқиб, унинг бирорта бўлимини ихтиёр қилиши мумкин.


Аъзолик асосан беш йўналишда бўлади:

1.  Кутубхоналар ташкил қилиш, уларни китоблар билан таъминлаш;

2.  Китобхонлик мактаби ва унинг қошида тадбирлар ташкиллаштириш, Ҳазратимизнинг китобларини ўқиб ўрганишда аёл-қизларимизга кўмак бериш;

3.  Ҳазратимизнинг асарлари борасида илмий ишлар ёзиш.
4. Ҳазратимизнинг медиа соҳасида амалга оширган ишларини кенг тарғиб қилиш.
5.  Турли соҳаларда аёл-қизларимиздан мутахассислар етишиб чиқишига кўмак бериш. 


«Пешқадам» карвонимизга марҳабо!
Бу карвонга қўшилишнинг биргина шарти бор, у ҳам бўлса,
«Пешқадам» васфининг соҳиби ва карвонимиз сарбони қўйган шартдир.
Бу шарт ихлосдир!
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг муборак ҳаётлари ва ёрқин илм йўлларини давом эттириш мақсадида қадам ташланг!

Лойиҳамизга аъзо бўлишни истаганлар қуйидаги ботга мурожаат қилишлари мумкин: https://t.me/peshqadam_karvoni_bot

Мавзуга оид мақолалар
.Бир инсон умрини илм ўрганиш ва ўргатиш билан ўтказса, бутун умр фарз амал қилган каби бўлади,. Имом Сарахсий давоми...

20:43 / 12.07.2023 1120
Бир куни Шайх ҳазратларидан quotҲазрат, Муҳаммад Саъийд Рамазон Бутий роҳимаҳуллоҳнинг жума мавъизаларидан давоми...

22:19 / 07.03.2023 2100
Шайхимнинг мен учун қилган дуолари quotАллоҳ сени Иймон иссиқлиги билан сийласинquotАллоҳ барчамизни Иймон давоми...

02:45 / 09.03.2023 1831
Олимлар олам устунлари ёки Ҳазрат вафотларига тўққиз йил тўлди...Бугун 10 март... Рамазон шабадаси елиб давоми...

16:46 / 10-mart 1540