Нафс ўлимга, ақл нажотга чақиради
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мутолаа

 

Иҳсан ШЕНОЖАК

"ТАСАТТУР ВА ТАФАККУРДА ИСЛОМ ДЕГАН ҚИЗЛАР”

 

 

Нафс ўлимга, ақл нажотга чақиради

 

 Дўзах сари етакловчи кимсалар жамиятнинг энг қадрсиз кимсалари саналиб, улар фикр ва санъатга энг бегона тубан шахслар ҳисобланади. Қобилиятсизликларини ёлғон табассумлари ва очиқ-сочиқ кийинишлари орқали ёпишга уринадилар. Санъатга бегона эканликларини исботлаш учун яланғочланадилар. Ҳавою нафсга чақирадилар, шаҳватга бошлайдиган ҳар нарсани мубоҳ санайдилар. Шу боис ҳам уларнинг бозори чаққон бўлади.

 Жаннат сари етаклаб, қалбларимизни илм ва ҳикмат ила тирилтирган аҳли илмлар эса, илм, фикр ва ҳикматга бой маърузалари билан бу дунёнинг қанчалар бевафолигини исботлайдилар. Афсуски, дунёга муҳаббат қўйиб, охиратни унутганлар ориф инсонларга ҳам, мутафаккир инсонларга ҳам қулоқ солмайдилар.

 Бир аёлга нафси: «Очил!» дейди, эркакка эса: «Анави очиқ-сочиқ аёлга қара!» дейди. Жаннат аҳли эса аёлга: «Ўран», эркакка эса: «Жуфти ҳалолингдан бошқасига қарама!» [22] дейди. Агар хиёнат қилсанг, бошқасига қарасанг, сенинг жуфти ҳалолингга ҳам қарашади, деб уни огоҳлантиради.

Бировларнинг жуфти ҳалолингга қарашларини ёқтирмасанг, истамасанг, сен ҳам бошқа бировнинг жуфти ҳалолига ёки қизига қарама! Уларга қараб аёлингни уларга қиёслайсан, натижада аёлингдан ҳам, уйингдан ҳам узоқлашасан. Аҳли оилангни сендан узоқлаштирадиган, совутадиган ва сен қайтолмайдиган, қайтганингда эса вайрон қилганларингни тиклаб бўлмайдиган йўлларга асло кирма!

 Нафс бир тадбиркорга: «Пулларингни аукционга тик. Кўп ишлаб, сармоянгни иккига, учга кўпайтир. Янги ялталар, янги уйлар сотиб ол!» дейди. Ақл эса, «Банклар сенинг пулингдан олиб кредит берадилар, бу инсонларнинг ёстиқларини қуритади, оилаларнинг бузилиб кетишига, одамларнинг қарзга ботишига сабаб бўлади, бундан ташқари ҳузури илоҳийга Аллоҳ ва Расулига қарши уруш очган одам сифатида борасан!» [23] дейди. Нафс ўлимга, ақл нажотга чақиради.

 Бир ишчи одамларни қарзга ботириб, ўзининг олти ойлик маошидан кўп пора олган танишига қарайди, нафси унга «Сен ҳам ол! Уйингни, машинангни алмаштир. Бодрумга таътилга бор» дейди. Ақли эса, «Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг» [24] оятини ўқийди. «Охират бор, олма!» дейди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пора берганга ҳам, олганга ҳам лаънатлари борлигини эслатади.

 Чекловлар нафсга оғир келади. Шу боис ҳам инсон маъсиятдан завқланади, унга ибодат оғир юкдек кўринади. Юкдан қутулсам мазза қиламан, деб ўйлайди ва маъсиятга шўнғийди. Вақти келиб Иблис унинг бўйнига минг баробар юкни юклаб қўйганини ҳис қилади. Лекин ёшликнинг ҳаяжони ва шаҳватнинг ғалаёни билан ўзига «Тўхта!» деёлмайди. Қўнғироқли соатни намоз вақтига созлаб, уйқуга кетади, бомдодга туради, кейинги куннинг бомдодига ҳам туради, шу тарзда намоз учун бу туришлари давом этади. Чарчаганда Иблис унинг ёнига яқинлашиб, «Шу вақтгача ўқидинг, нима бўлди, ёмонликдан қутулдингми? Намоз инсонни фаҳш ва мункардан қайтарар эди-ку?» деб ҳам ўзининг устидан, ҳам муқаддасоти (қадриятилари) устидан кулади. Мўмин сукут сақлаб турса, «Демак, Аллоҳ намозларингни қабул қилмаяпти. Шундай экан, нега бекорга жисмингни чарчатяпсан?» деб жавобни ҳам ўзи беради. Қишнинг аёзли кунлари қӯнғироқ соатингиз жиринглаганида, нафсингиз: «Ҳали бироз ёт! Вақти чиқишига ҳали анча бор!» дейди. Бошқа бир нидо эса: «Намоз уйқудан хайрлидир», дейди.

Ёшликда қилинган гуноҳларнинг ўлим вақтидаги сарҳисоби

Ҳаром йўлга кирган кимсанинг кайфу сафоси қиш қуёшидек қисқа бўлади. Бундай кимсаларнинг барчаси алалоқибат абадий дўзахга ташланади. Ҳаром йўлга кирганлар худди бир кун бир кошонада, эртаси кун бошқа кошонада яшаб, истаган аёлини қўлга кирита оладиган, лекин ўзи бир йилдан кейин дорга осилиши муқаррар одамга ўхшайди. Шаҳар майдонида қурилган дорга бир йилдан сўнг осилишини билган одам ҳаётдан завқлана олармиди? Бир неча сонияда ўтиб кетадиган бу қатл инсонни барча фоний дунё муҳаббатларидан қайтарадиган бўлса, абадий дўзах азобининг даҳшати қандай бўларкин?! Инсонлар бу даҳшатни илк бор ўлим талвасасида ҳис қиладилар...

Ҳеч кимса бировнинг номусини топтагани, етимнинг ҳаққини егани ёки инсонларнинг молини талон-тарож қилгани учун сўнгги нафасда ором топмайди. Aксинча, буларни ўйлайвериб, ич-этини ейди. Инсон ўлими олдидан қилган гуноҳларини эмас, савобларини эслашни истайди. Гуноҳлар ёшликда қолади, азоблар эса ўлим вақтида билинади, ҳеч тўхтамайди. Қаҳратон қиш кечаларида ўқилган таҳажжуд намозларининг машаққати кетиб, ажри ва савоби қолади.

«Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир» (Анбиё сураси, 35-оят)

 Ҳамма бир кун келиб ўлим топади. Ҳаммамизни тобутга солишади. Агар ўзимиз ўлишимизни билсак, жаноза сафида турганимизда сўнгги ҳолимиз қандай бўлишини ўйлаймиз. «Аллоҳ ризолиги учун ушбу (аёл бўлса аёл, эркак бўлса эркакнинг) жаноза намозини ўқишни ният қилдим. Ушбу имомга иқтидо қилдим. Аллоҳу Акбар!» деб муаззинга қулоқ сололсак, ғафлат уйқусидан уйғонган бўламиз.

950 йил иймонга даъват қилган Нуҳ алайҳиссалом ҳам, Аллоҳ таолонинг энг суюкли бандаси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўлимни тотиб кўришди. Биз ҳам ўлим топамиз.

Биз тайёрмизми?

 Бошқа юртга борадиган инсон виза ёки паспортини уйида унутса, самолётга чиқолмайди. «Бироз кутиб туринг, бориб олиб келайин!» деса ҳам, самолёт кутиб турмайди, учиб кетади. Ўлим фариштаси жон олиш учун келганида, йўл тадоригимиз борми-йўқми, тайёрмизми ёки тайёр эмасмизми, бунга қараб ўтирмайди. Фаришта: «Кетдик», деганида «Ҳозир тайёр эмасман, кейинроқ кетайлик…» дейишга имконимиз ҳам бўлмайди.

 Бир жойдан бошқа жойга ҳеч қачон ортга қайтмаслигини билиб йўлга чиққан инсон пулларини йўлда сарфлаб юбормайди, ўша жой учун сақлаб қўяди. Дунё ҳам сўнгги Охират бўлган узун бир сафардир. Бу дунёга йўлда сарфлаш учун эмас, охиратда ором топиш учун келдик.

 Бир инсоннинг бу дунёни тарк этаётганида, қилган махфий садақалари, хушуъ билан ўқиган намозлари ва Aллоҳнинг номини олий қилиш учун амалга оширган ҳаракатлари бўлса, ундай инсон нақадар бахтли!

Давоми бор...

Абдуллоҳ Раҳим ва Нилуфар Исроилова таржимаси

________

[22] Нур сураси, 30-оят.

[23] Бақара сураси, 279-оят.

[24] Бақара сураси, 188-оят.

Мавзуга оид мақолалар
Камтарлик гўзал хислат бўлиб, инсонларни ўзаро муҳаббатли бўлишига сабаб бўлади, нафс поклиги ва табиат давоми...

17:30 / 31.01.2022 2574
Соликлардан бири касал бўлиб, кўзи кўр бўлиб қолди. Ҳеч чидаб бўлмас даражада оғриқ уни безовта қилди. Бир давоми...

17:15 / 18.11.2021 2216
Мўмина синглим, сиз менга Германиядан мурожаат қилаётган бўлсангиз ҳам, кўз ўнгимда тургандексиз. давоми...

23:47 / 31.01.2020 5602
Масжиддан мадрасагача, тижоратдан экинтикингача, намоздан рўзагача, жиҳоддан зикргача мўмин ўлароқ нима иш давоми...

01:00 / 04.08.2020 3398