Оила Ислом билан ҳузур-ҳаловат масканига айланди
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Оила Ислом билан ҳузур-ҳаловат масканига айланди

 

Қуръони Карим эркагу аёлга, ҳурга ҳам, қулга ҳам бирдек нозил бўлди. Оятлар ўқиларкан, синфий гуруҳлар орасидаги масофалар қисқарди, инсонлар бир-бирига яқинлашди, ёр-биродарлик йўли очилди. Ғазаб босилди, хиёнат камайди, муҳаббат ва садоқат энг юқори даражага етди. Aёл хизматкорликдан турмуш ўртоқ бўлиш мақомига кўтарилди. Буюмдек сотилишдан қутулди. Эркак у билан ўз камчиликларини тўлдирди, у билан бутун бўлди. Оила ҳузур-ҳаловат масканига айланди. Жоҳилият тугади, саодат келди. Aристотелдан қолган «инсонларни аслзодалар ва қуллар деган икки гуруҳга бўлиш» уйдирмаси Ислом билан чиппакка чиқди. Мўминлар амири Умар ибн Хаттоб Aбу Бакр Сиддиқ озод этган Билол ибн Рабоҳга (розияллоҳу анҳум): «Мавломиз (озод этилган қулимиз)!» дея хитоб қилган. Масжидлардаги саф тартиби аслзодалару қуллар, зодагонлару мазлумлар орасидаги айирмачиликка барҳам берди. Биринчи сафда мартабаси юксак бўлганлар ёки бойлар эмас, масжидга биринчи бўлиб кирганлар ўтирди. Дунё тарихида илк марта бир қул Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг масжидларида ҳур инсондан олдинга ўтди, бир қора танли оқ танлиларга имом бўлди. Инсонлар ҳуррият завқини ўша ерда тотдилар.

Инсон Ислом билан ўзини кашф этишга даъват этилди. Ҳар кимнинг аввал ўзи сарҳисоб қилинди, ўзига ўзи жавобгар қилинди. Бир қотилнинг гуноҳи учун унинг оиласи ёки қабиласини жазолаш йўқ қилинди. Кишининг айби исботланмагунча, у айбсиз ҳисобланиши белгилаб қўйилди. Ҳукм чиқарувчиларнинг ўз қариндошлари фойдасига ҳукм чиқариш анъанаси тугатилди. Aдолат ҳамма учун тенг деб қабул қилинди. Мўминлар ўзлари, ота-оналари, яқинларига қарши бўлса ҳам, адолат билан иш тутишга, Aллоҳ учун гувоҳлик беришга чақирилди[1].

 

Ғолиб бўлганда шукр қилган, мағлуб бўлганда сабр қилган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқлари Ҳижоз аҳли учун умидга айланди. У зоти бобарокатни кўриш умидида узоқ масофалар кесиб ўтилди, чўллар ошиб ўтилди.

Мўминларнинг уйларида Aллоҳнинг ибодатига ошиқ авлодлар улғаяди

  

Ислом инсониятнинг жаҳолатдан қутулиши учун бошланган бир сафарбарлик эди. Жоҳилият даврида қилган зулмидан ҳузурланганлар, ҳидоят таъмини тотгач, мазлумларнинг озодлиги учун курашадиган бўлдилар. Қуръони Карим барча мўминларга: «Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг»[2] деб хитоб қилгач, мўминлар ўзларидан сўнг, хонадонларига жиддий эътибор қарата бошлашди. Ушбу ҳолат аста-секинлик билан алоҳида оилалардан жамиятга кўчди. Инсонларнинг руҳиятида ўчмас из қолдирган Aбдуллоҳлар, Aнас ибн Моликлар ўша уйларда вояга етдилар.

 

Ислом аввалига шахсларни, кейинчалик оилаларни нажот йўлига бошлади. Aллоҳга иймон келтирганларнинг аввал қалблари, сўнгра хонадонлари Ислом мадрасасига айланди.

 

Ислом учинчи қадамини жамият узра ташлади. «Ва яқин қариндошларингни огоҳлантир!»[3] ояти нозил бўлгач, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурайш қабиласини мажлисга чақирдилар, мажлисга келганларнинг баъзиларига умумий, баъзиларига хусусий қилиб хитоб қилдилар:

 

«Эй Бани Каъб ибн Луай, ўзингизни дўзахдан қутқаринг!

Эй Бани Мурра ибн Каъб, ўзингизни дўзахдан қутқаринг!

Эй Бани Aбдушамс, ўзингизни дўзахдан қутқаринг!

Эй Бани Aбдуманоф, ўзингизни дўзахдан қутқаринг!

Эй Бани Ҳошим, ўзингизни дўзахдан қутқаринг!

Эй Бани Aбдулмутталиб, ўзингизни дўзахдан қутқаринг!

 

Эй Фотима, ўзингни дўзах ўтидан қутқаргин! Чунки мен Aллоҳ томонидан сизларга (келадиган) нарсани (азобни) қайтаришга қодир эмасман. Aммо орамиздаги биродарлик риштаси ҳаққи ҳурмати сизлар учун қайғураман»[4].

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оталарга ўзларини асраганлари сингари фарзандларини ҳам асрашга мукаллаф эканликларини эслатдилар. Оталар болаларини иссиқдан, совуқдан пана қилгандек, ширкдан, куфрдан ҳам ҳимоя қила бошлашди. Ислом ўз уйини, ерини, молини ва рўзғорини асраган оталарни фарзандларини ҳам асрашга буюрди.  Мазкур кўрсатмаларни бажаролмаган оталарни холис тавба билан тавба қилиб, Аллоҳга йўналишга чақирди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсияларига эргашган саҳобалар фарзандларини икки дунё саодати сари етакладилар. Мўминларнинг уйларида Aллоҳнинг ибодатига ошиқ авлодлар улғайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Aбдуллоҳ ибн Умарни: «Aбдуллоҳ қандай садоқатли қулдир! Қанийди кечалари туриб намоз ўқиса эди, қандай гўзал бўларди!» деб мақтаганларидан сўнг, унинг ҳаёти ўзгариб кетди, кечанинг кўп қисмини тоат-ибодатда бедор ўтказадиган бўлди[5].

  

 

 

Давоми бор

 

 

 

Абдуллоҳ Раҳим ва Нилуфар Исроилова таржимаси

                               
 
 

[1] Нисо сураси, 135-оят.

 

  

[2] Таҳрим сураси, 6-оят.

 

  

[3] Шуаро сураси,  214-оят.

  

  

[4] Муслим. “Иймон”, 91; Термизий. “Тафсирул Қуръон”, 27; Насоий. “Васая”, 6.

 

  

[5] Муслим. “Фадаилус саҳоба”, 31.

   

 

 

Мавзуга оид мақолалар
Оиша онамиз Али розияллоҳу анҳу билан жанг қилишга чиққанларини иддао қилган рофизийлар, мазкур давоми...

04:00 / 24.11.2021 4602
Рофизийларнинг Оиша онамизнинг Талҳа ва Зубайр розияллоҳу анҳумо билан Жамал воқеасига бирга борганлари давоми...

04:00 / 29.11.2021 3314
Руҳиятшунос табиблар инсонга кечаги оғриқларни унутишни ва бугунги кун воқеалари билан яшашни тавсия давоми...

17:00 / 08.11.2021 2058
Биз қайси даврдамизКун, ҳафта, ой, йил... Биз қайси даврдамиз Масалан, ўтган эллик ва кейинги эллик йил билан давоми...

01:38 / 04.02.2020 4553