ЖАМИЯТНИНГ ГЎЗАЛ ЎРНАККА БЎЛГАН ЭҲТИЁЖИ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло ҳар бир инсонни ўзига хос хусусиятлар, хулқ-атворлар билан яратган. Бу хусусиятлар ичида ўзгалардан ўрнак олиш, кимгадир ўхшашга интилиш, ибратланиш кабилар ҳам бор. Бунинг ҳикмати эса инсоннинг яхшилик, гўзаллик ва камолот сари интилишга лаёқатли бўлиши ҳамда бундан манфаат олиб, икки дунё саодатига эришишидир.

Аллоҳ таоло инсонни яратиб, унга мазкур хусусиятни сингдирганидан сўнг уни шундайлигича ташлаб қўймади. Балки асрлар оша башариятга гўзал ўрнак қилиб, Ўз пайғамбарларини юбориб турди. Пайғамбарлар силсиласи Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан якун топгач, инсонларни пайғамбарларга меросхўр бўлмиш олимлардан, солиҳ кишилардан, муршидлардан ва яхши дўстлардан ўрнак олиб яшашга буюрди.

Устозамиз Одинахон Муҳаммад Содиқнинг  «Гўзал ўрнак» номли янги китобида ҳам ҳар бир мусулмон учун зарур бўлган гўзал хислатлар ҳақида сўз юритилади. Гўзал ўрнак масаласи нафақат бугунги кунда, балки ҳамиша зарур бўлиб келган ва доим шундай бўлиб қолади... 

Эътиборингизга каналимиз саҳифаларида китобдан парчалар бериб борамиз. 

 

ЖАМИЯТНИНГ ГЎЗАЛ ЎРНАККА БЎЛГАН ЭҲТИЁЖИ

Ҳар бир жамият ва ҳар бир шахс, хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл бўлсин, гўзал ўрнакка эҳтиёжи бор. Буюк ва комил шахсиятдан ўрнак олувчи жамият аъзоси турли фазилатларга, яхши хислатларга эга бўлади, юрти, оиласи обод бўлади, икки дунё саодатини қўлга киритиб, ортидан яхши хотира қолдиради.

Гўзал ўрнак андозаси тайин бўлмаган жамиятда бунинг акси кузатилади: тинчлик-хотиржамлик бўлмайди, ихтилоф ва парокандалик юзага келади, ахлоқсизлик авж олади. Жамият аъзолари икки дунёда ҳам бахтсизликка учрайди, номига доғ тушади.

Бунга оддий мисол сифатида кийиниш маданиятини келтиришимиз мумкин. Ҳозирда кийим-кечак масаласида анчагина бетартиблик бор. Машҳур кишиларга тақлид қилиш, маълум бир бренд остида таёрланган кийимларни кийишга ружу қўйиш оқибатида ҳаддан зиёд исрофгарчиликларга йўл қўйилмоқда. Бошқа дин вакилларига, ўзга миллатларга иқтидо қилиб, Ислом шариатига зид амал қилинмоқда, миллийликдан узоқлашилмоқда. Эркакларнинг ўзини аёлга ўхшатиши, аёлларнинг ўзини эркакк ўхшатиши оқибатида турли ноқулай ҳолатлар вужудга келмоқда. Кийим кийишда ниятнинг тўғри эмаслиги, кибр ва риё учун, кимўзар учун одоб-ахлоққа тўғри келмайдиган кийимларни кийиш айниқса ёшлар ўртасида кенг тарқалгани, бу йўлда турли можароларнинг келиб чиқаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Маълумки, кийилган кийим инсоннинг тақвосига, хулқ-атворига албатта таъсир қилади. Динга, миллийликка, жинсга, одобга тўғри келмайдиган кийимларни кийган одам номаъқул ишларни қилишга ўзида журъат топади, ахлоқ-одоби нуқсонга учрайди. Аксинча, сипо, ёпиқ ва камтар либослар кишини тақво, тавозе ва гўзал ахлоқ сари етаклайди. Балки шу сабабдан ҳам тушда кўрилган либоснинг катта, кенг ва мўл-кўллиги соҳибининг дини мукаммал эканига таъвил қилингандир.

Келинг, биз мусулмонлар учун гўзал ўрнак бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг либос борасидаги суннатларига бир назар солайлик. Мусулмон одамнинг кийими аввало ҳалолдан топилган бўлиши керак. У ҳаромдан маблағ топмайди, бундай пулга кийим сотиб олиб киймайди. Бировнинг мулкини тортиб олиб ёки ўғирлаб, ёки шу каби ишлар билан бошқаларни норози қилиш эвазига кийинмайди. Шунингдек, ёмон ният билан, кибр ва манманлик билан, риё мақсадида кийим-бошга эга бўлмайди. Кийим учун исрофгарчиликка йўл қўймайди. Кўп пул сарфламайди, турли-туман кийинмайди. Эътиқодига зид либосларни киймайди, масалан, жонли сурати бор либослар, дин ва ахлоққа тўғри келмайдиган сўзлар ёзилган кийим-кечаклар шулар жумласидандир.

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа диндагиларга тақлид қилмасликни, аксинча, уларга мухолиф бўлишни буюрганлар. Шунингдек, эркакларни аёлларга, аёлларни эркакларга ўхшашдан қайтарганлар. Либосни тоза тутишга, камтар, сипо кийинишга тарғиб қилганлар.

Шу ўринда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг «Ижтимоий одоблар» номли китобларига мурожаат қилсак. Мазкур китобнинг «Кийиниш одоблари» бобида жумладан, шундай дейилади:

«Инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган аломатлардан бири ҳам либосдир. Одам аврати-айбини беркитиб туриш учун Аллоҳ таоло унга либос ато қилган. Либоснинг зарурияти киши авратини ўзгалардан пинҳон тутишидадир. Лекин Аллоҳ инсоннинг авратдан бошқа аъзоларини ҳам тўсиш эҳтиёжи борлигини инобатга олиб, либосни зийнат тарзида нозил қилди. Шу боис либосни ўз ўрнида, яъни, шариатга мувофиқ кийган инсонгина зийнатли ҳисобланади…

Аллоҳ таоло кийим-бошни инсонга авратини тўссин, ўзини тузатсин, деб берган. Аммо бошқа соҳаларда ҳаддида турмаган одам бу ўринда ҳам турли бузуқликларга йўл қўйди. Баъзилари кийим-бошни фахр ва ғурур воситаси, иккинчилари уни ҳаётдаги асосий мақсад қилиб олди. Қадр-қийматни ҳам кийим-бош билан ўлчай бошлашди. Учинчилари кийимни тор ва юпқа кийиб, ундан кўзланган асосий мақсадни суиистеъмол қилишга киришди. Хусусан, тарбиясиз аёллар либосни айни авратни бўрттириб кўрсатиш учунгина кийдилар. Бу ҳол юксак инсоний шарафни ерга уради. Шунинг учун ҳам, Ислом бу ишларда ўз таълимотларини жорий қилди…

Ҳозирги пайтда айрим қиз-жувонлар ўртасида урф бўлганидек, енги ва этаги калта, кўкси очиқ кийимлар, гавда ва аъзоларини «кўз-кўз» қилиб турувчи тор ва юпқа-ҳарир кўйлаклар, энг ачинарлиси, кўкрак, киндик ва болдирларини очиб, ҳаммага намойиш қилиб юришлар одобимизга мутлақо зиддир» (Иқтибос тугади).

Бир эътибор берайлик, биз либос масаласида суннатга тўлиқ амал қиляпмизми? Бу хусусда биз бошқаларга гўзал ўрнак бўла оламизми? Бу нарсаларга беэътиборлигимиз сабаб қандай вазиятларга тўқнаш келмоқдамиз?

Либос масаласи биргина мисол. Бундай мисолларни жуда кўп келтиришимиз мумкин: таом, маскан қуриш, турли маросимлар, касб-кор ва ҳоказо соҳаларда мусулмонлар анчагина ислоҳга муҳтождир. Шунинг учун ҳам гўзал ўрнак масаласи инсонлар учун жуда катта аҳамиятга эга.

Одинахон Муҳаммад Содиқ

Мавзуга оид мақолалар
Ҳотамул Асом фарзандларига Мен ҳаж қилмоқчиманrdquo деди. Улар йиғлаб Бизни кимга ташлаб кетасизrdquo деди. Шунда унинг қизи Отамиз кетаверсинлар, ризқни берувчи давоми...

11:15 / 29.11.2021 1914
Доктор Мустафо Сабоъий раҳматуллоҳи алайҳ айтади Агар нафсинг гуноҳ қилмоқчи бўлса, унга Аллоҳ таолони эслат. Агар бу йўлдан қайтмаса, унга буюк инсонларнинг давоми...

11:02 / 20.12.2021 1998
Қиз фарзанди дунёга келар келмас унинг сепини йиғишни бошлайдиган оилалардан иборат мўминлар жамиятининг бориши мумкин бўлган нуқта аниқ эди ва бунга эришилди давоми...

13:15 / 04.07.2020 5417
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рисолатни етказишда инсон зоти бардош беролмайдиган қийинчилик ва мусибатларга бардош бердилар. Маккада, Бадрда, Уҳудда ва давоми...

22:00 / 03.12.2021 2999