«Бу умматнинг қизи»(1-қисм)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Нуриддин Йилдиз «Бу умматнинг қизи».

Опа-сингилларимиз учун гўзал мутолаа! 

Муҳтарама опа-сингиллар, севимли сайтимиз мухлислари! Сиз билан биргаликда бугундан бошлаб, иншааллоҳ, ҳар душанба, чоршанба ва жума кунлари соат 22.07да muslimaat.uz сайти орқали  турк ёзувчиси Нуриддин Йилдизнинг «Бу умматнинг қизи» китобини мутолаа қилиб борамиз. 

Том маънодаги муслималик ҳаёти, умматнинг муносиб қизи, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ҳавзи Кавсар бўйида кўришиш шарафига сазовор бўладиган аёллар учун тавсиялар – ҳаммаси ҳақида сиз билан ўртоқлашиб борамиз. Фикр-мулоҳаза, таклиф ва эътирозларигизни бизга йўллашингиз мумкин. 

Китобни мутолаа қилинг. Иншааллоҳ, охират ҳаётингиз учун фойдаси тегиши мумкин бўлган бу саҳифамизни ўтказиб юборманг! Чунки бу китоб бизни саодат сари етаклаб, қалбларимизга илму диёнат, нафсий ва дунёвий исёнларимизга нуқта қўйишга сабаб бўлади, деган умиддамиз.

 

Мутолаани бошлашдан аввал муаллиф ҳақида қисқача маълумот берамиз.

* * *

Нуриддин Йилдиз 1960 йили Туркиянинг Трабзондаги Оф қишлоғида туғилди. Қуръон ҳофизлигини ва илк диний таълимни отаси, бош имом-хатиб Ҳилми Йилдиздан олди. Истанбул-Газиосманпаша имом-хатиб лицейида ўқиётганда ҳар ҳафта турли газеталарда унинг мақола ва таржималари чоп этила бошланди. Шу билан бирга, имом-хатиблик курсини ҳам давом эттирди. Имом-хатиб лицейини тугатиб, Мармара университетининг илоҳиёт факультетида бир семестр ўқигач, Маккадаги Уммул Қуро университетида илм таҳсилини давом эттирди. Бу ерда усули фиқҳ бўлимини тамомлади. Маккада бўлган пайтида ҳадис устозларидан дарс ва ижозалар олди. Суриялик муҳаддис Абдулфаттоҳ Абу Ғудда, ҳиндистонлик олим Абул Ҳасан ан-Надвий ва Усмонли уламоларининг сўнгги давр вакилларидан бири Меҳмет Эмин Сарач хўжа афандилар шундай устозлардан эди. Истамбулга қайтиб келганидан сўнг, ўзи яшаб турган жамият ҳаётининг таълим йўналишига янгиликлар киритиш пайида бўлди. Қуръон ҳофизлиги ва диний таълим соҳаси бўйича турли муассаса ва ташкилотларда гуруҳ машғулотларини ўтказди. Фуқаролик жамиятини ривожлантириш соҳасида ўзига хос изланишлар олиб борди. Таржималар билан бир қаторда мустақил асарлар ёза бошлади.

Даъват ва иршод фаолияти доирасида болалар ва ёшларни тарбиялаш, ўрнак оила модели, Ислом ахлоқи, ташкилий тарбия, уммат онги каби мавзуларда юзлаб семинар ва конференциялар ўтказди. Бу фаолияти ҳозиргача давом этмоқда. Унинг мақолалари мунтазам турли журналларда нашр этилади. Оилали, тўрт фарзанди бор. Дунё мусулмон олимлари уюшмаси ва Туркия олимлари иттифоқининг биринчи аъзоларидан бўлиб, суҳбатлари sosyaldoku.com портали орқали эфирга узатилади, fetvameclisi.com сайтида эса саволларга жавоб бериб боради.

Асарлари: 1. «Иши вақтидан кўплар» (4 жилд); 2. «Раҳмат эшигида» 3. «Мўминлик ҳужжатимиз»; 4. «Одоб ва амал»; 5) «Динимизга хизмат қилишдаги ички муаммолар» 6) «Энг суюкли зотнинг шажараси» (2 жилд); 7. «Рамазон рисоласи»; 8. «Асосий жавоблар»; 9. «Ахир дин ҳаммамизники эдику!»; 10. «Қиблагоҳ уйлар»; 11. «Асалдан ширин сўзлар»; 12. «Мадина ҳисоботи»; 13. «Бу замоннинг сабри»; 14. «Оила даъвоимиз»; 15. «Кеманинг қаердамиз?»; 16. «Маҳрам жавоблар»; 17. «Намоз муҳосабаси»; 18. «Ҳолимиз изоҳи»; 19. «Хонимлар учун марваридлар»; 20. «Сизга хат бор»; 21. «Мўмин хонадон»; 22. «Арш соясидаги йигит»; 23. «Табиий оила»; 24. «Албатта, Аллоҳу акбар»; 25. «Мужоҳид аёл»; 26. «Бир умид бир мактуб (3 жилд); 27. «Ҳур қалбли йигит»; 28. «Шаҳзодабаши суҳбатлари» (2 жилд); 29. «Ҳожи Байрам суҳбатлари»; 30. «Бу асрга ҳисобот»; 31. «Ғордан Аршга»; 32. «Суннат нега ғариб?»; 33. «Бу уммат ёшлари»; 34. «Исломдан ҳаётий ўлчовлар»; 35. «Бу умматнинг қизи».

Таржима асарлари: 1. «Мадина жамияти» (проф. Доктор Акрам Зиё Умарий); 2. «Ислоҳ қилиниши керак бўлган тушунчалар» (Муҳаммад Қутуб ҳақида); 7. «Исломий фиқҳ энциклопедияси» (доктор Ваҳба Зуҳайли таҳрири остида); 8) «Ижтимоий фанлар энциклопедияси»; 9. «Ат-Тафсирул Мунир» (доктор Ваҳба Зуҳайли таҳрири остида); 10. «Булуғул маром шарҳи» (Нуриддин Итр таҳрири остида).

Ўзини замонавий кўча қизи эмас, Мадина маданиятининг ўз давридаги вакили деб биладиган, ҳижобдан илмгача бўлган барча соҳаларда ушбу умматнинг қизи бўлиш заруратини Бадрдаги мужоҳидларнинг ҳаяжони ила амалга оширишга интилган муборак қизларга... Тилингиз билан дуо қилганингизда ёдингиздан чиқмайлик деб... Аллоҳ учун тер тўккан пайтингиздаги буюк амалларингиз васила бўлиб, Аллоҳ бизга раҳматларини ёғдирсин дея... Мана шундай қизларга ва суюкли қизимга...

Аллоҳим! Сенгагина ҳамду санолар бўлсин!

Неча минг йилдан бери шайтон инсонни яратилиш мақсадидан адаштиришга ҳаракат қилаяпти, онамиз Ҳаввони жаннатда алдашга уринди. Ўшандан бери у эрларимиз ёки аёлларимиз билан биздан қасос олмоқда. Водийлар, кўчалар, уйлар – ҳаммасини фасод билан тўлдирди. У маданиятларни бузди. Шаҳарларни вайрон қилди. Инсониятни шамдек эритди. Шайтон оммавий ёки яширин сажда қилинадиган бутга айланди. Ҳар куни Қиёматга оз-оздан яқинлашиб бораётганимиз бу замонда шариат билан яшашни шараф деб биладиган ва ёш бўлишига қарамай, бу умматнинг қизи бўлиш азиматини ҳис қилган қизлардан бизни мосуво этмадинг.

Солиҳа, обида, зоҳида, мужоҳид аёллар сифатида уларга ҳаяжон бахшида қилдинг. Ҳижоб ва басиратлари ила шаҳарларимизда гул каби очилишди. Кучли эътиқодлари билан хонадонларининг қувват манбаи бўлишди. Чексиз ҳаяжонлари билан умматимизга умид беришди. Мадрасаларда фиқҳ ўрганаётганда, уйларида она ва ёр бўлганда, ярим кечаси жойнамоз узра Сенга сажда қилаётганда, Қуръонни ўқиётганда бизнинг раҳмат сабабчимиз бўлишди.

Аллоҳим, Сенга ҳамд айтаман, Сенинг қайси неъматларингни санаб тугатай?

Аллоҳим, Сен бизни неъматларинг билан ўраб олдинг. Шукр қилсак ҳам, қилмасак ҳам Сен доимо лутфдасан. Энди эса бузғунчилик асрида бу муборак қизларни бизга раҳмат василаси қилиб юбординг. Эркаклардан аввал Сенинг шариатингга толиб бўлишди. Фитналарга қарши жанг майдонининг энг олдида туришди.

Аллоҳим, барча ҳамдлар ёлғиз Сенга. Неъматларнинг энг зарури – юборган пайғамбаринг Муҳаммадга дуруду саломлар бўлсин. У зотнинг аҳли байтига, асҳобига салоту саломлар йўллагин.

Аллоҳим, бизни у зотнинг уммати бўлиш қийматини билиб, бандалигимизни ҳаққи билан адо этиш имконини бер! Бу умматнинг шу замондаги мўминлари сифатида Пайғамбаримиз алайҳиссаломни ва у зотнинг даъвосидан чалғитадиган нарсалардан бизни узоқ қил.

 Аллоҳим, дунё тўла эркаклардан аввал пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга қалбини бағишлаган, ҳам мол-мулки билан, ҳам руҳан ва ўзининг жўшқин тили билан қўллаб-қувватланган, бу умматнинг ва аёллар дунёсининг саййидаси, оналаримизнинг онаси, қулинг Ҳадича бинти Ҳувайлиддан рози бўл. Уни фитна авж олган бир даврда Сенинг динингга маҳкам ёпишган бу умматнинг қизларига она қил, эртанги оғир кунларда бу қизларни унинг этагидан ажратма. Бу умматнинг қизлари «Она!» деб унга юзланганларида, «Қизларим!» дея уларни шафоат қанотлари остига олсин.

Аллоҳим, бизни ҳам уларга бағишла.

Аллоҳим, бу қизларни у онадан айирма. Бугун бу қизлар Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг шариати йўлида «Биринчи бўлиб мана мен борман», дея бу шарафни оқлашсин. Эртага у зот соллалоҳу алайҳи васаллам ҳам: «Энди мен сизлар учун борман», деб айтсин бу қизларга.

Аллоҳим, бизни ҳам уларнинг ораларига қўш. Албатта, уларнинг орасига қўш.

Аллоҳим,  раҳматинг ила, иноятинг ва чегараси йўқ раҳматинг ила дуо қиламиз...

Бу уммат қизи учун илк ва охирги сўз

 

Азалий ва абадий қонун Аллоҳ таолонинг қонунидир. У Зот нимани буюрган бўлса, фақат ўша  тўғридир. Шайтон ва унга эргашганларнинг ҳеч қайсиси бу чексиз ҳақиқатни ўзгартира олмайди. Қисқа давр учун кўтарилган куфр олови ўчади ва Ҳақнинг нури юксалади. Бу – қонун. Қуёш ва бутун коинот барҳам топса ҳам бу қонуният абадий қолади. Мана шундай ҳақиқат бу қонундир.

Аллоҳ таоло инсонни яратишни ирода қилди ва  У Зот уни яратди. Аввал У Зот тупроқдан отани, отадан эса онани яратди. Иккисидан бутун инсоният вужудга келди. Оталик ва оналикни қонун қилиб белгилаб қўйди. Инсон яратилади ва бу жараён онанинг қорнида амалга ошади! Бу абадий қонундир. Бошқа ечими ҳам, муқобили ҳам йўқ.

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Оиша онамиз Али розияллоҳу анҳу билан жанг қилишга чиққанларини иддао қилган рофизийлар, мазкур давоми...

09:00 / 24.11.2021 5410
Менинг диёнатли қизим, бутун оламни қамраган ва таъминлаган Аллоҳнинг раҳматига мазҳар бўлишингни тилаган давоми...

09:00 / 12.02.2020 4068
Ҳаё ҳар бир қабиҳликнинг жиловидир. Ким Аллоҳга эътибор қаратса, У Зотдан ҳаё қилади. Ким бандаларга эътибор давоми...

03:07 / 23.07.2020 3819
Инсониятга динни Пайғамбарлар ўргатдиларИнсоният Аллоҳ азза ва жаллага тегишли исм, феъл ва сифатларнинг давоми...

08:40 / 02.05.2021 8838