Танлов (учинчи мақола)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саодат  асрига мактуб…

Макканинг қадим қумликлари ичра яшаётган бир қавм бор эди. Ҳали улар ўзларининг зурриётларидан бутун дунёни ҳидоят нури ила мунаввар этувчи бир инсон чиқишини билмасдилар. Аллоҳ таоло сўнгги ва мукаммал дини учун МУҲАММАД исми билан дунёга келувчи бир нурни Абдуллоҳнинг пешонасига жойлаган эдики, бу нур Омина онага кўчган ондан ҳеч вақт ўтмай, бўлажак буюк муаллимнинг отаси вафот этди. Дунё тарихига машҳур Фил воқеаси билан кирган ўша йилнинг баҳор ойида, милодий сананинг 571-йилида,  Қурайшнинг кичкинагина бир кўчасидан нур таралди. Бу нур шундай бир нур эдики, бутун дунёни қамраб олган эди. Кисро саройларидаги оловларни ўчирган, ер юзини анбар этган, муаттар исли бир чақалоқ дунё юзини кўрди.

Бу кунни дунё қумликлари, денгизлари, тоғларию боғлари интиқ кутган эди. Гуллар унинг атридан ҳид олган, қуёш ҳам унинг нурига муштоқ ҳолда қанча асрларни ўтказган. Ой ўзининг машҳур гувоҳлигига интиқ тунларни бедор қилган эди.

Бу чақалоққа бобоси меҳр билан Муҳаммад дея исм қўйди. Аслида, бу ҳам Аллоҳнинг хоҳиши эди-да. Аллоҳ Абдулмуттолиб қалбига шу исмни қўйишни солган бўлса, уни ким ҳам ўзгартира оларди? Бу мукаррам болакай Ҳалима онанинг уйини ҳам барака ва файзга тўлдирган, Омина она билан илк бор Мадинани қувончда қолдирган, бобосининг муаззам Каъба ёнидаги ўрнини муборак этган, амакиси Абу Толиб хонадонини шодликка чулғаган бола эди. Қурайшнинг қўйлари унга эргашиб юришни-да, изларини ўпишни-да севган бола эди. Буҳайро уни кўрганда соғинчини беркитолмай қаттиқ йиғлаган, Шомдан ҳам қизғанган, ошиқ бўлишга арзийдиган бир бола эди.

Ўша машҳур «Фазилатли битимда» унинг қатнашиши шараф билинган юксак одобли йигит эди. Хадича онанинг карвони ҳам унга қанча интиқ бўлган, буни карвон туялари биларди. Майсара унинг баракасидан лол қолган, буни бекасига сўзлаб бераётганда севгиси кўзларида жўш урган бир навқирон йигит эди. Агар совчи қўйганда Қурайшнинг энг зодагон оилалари, энг бокира, чиройда тенгсиз қизларини унга иккиланмай берардилар. Аммо Аллоҳ тақдирни аввалдан Хадича онага боғлаган бўлса, буни ким ҳам ўзгартира оларди? Ўша муаззам Каъбанинг қурилишида масалани оддий ва ҳамма рози бўладиган бир йўл билан ҳал қилган ҳам «Амин» сифатли ўша инсон эди.

Вақт етиб, қалб ёлғзиликни, бутун борлиқ Яратувчиси ҳақида фикрлашни ният қилиб, Ҳиро ғорига кўтарилиш онини айтинг – бу ғор қанча-қанча асрлани интиқ кутган эди. Аллоҳу Акбар! Муддат етиб, севгани билан кўришишга ошиққан Жаброил алайҳиссаломнинг севинчини бутун борлиқ сезган бўлса, не ажаб?

Ассалому алайка ё Расулаллоҳ! Сизни соғинч билан яратган буюк Аллоҳга ҳамду санолар. Сизни бизга илинган буюк Холиқ Зотга шукроналар. Сиз сабаб бизларни шарафларга буркантирган Аллоҳга – боқий Зотга туганмас тасбеҳлар бўлсин. Сизни бутун башарга ўрнак бўлсин учун ўқишни, ёзишни билмай улғайтирган Зот барча ишларнинг тадбирини қилувчидир. Отасиз улғайишингизда ҳам, онасиз ёш қолишингизда ҳам буюк бир таълим бор эди бизга.  Фарзандларингизни бир-бир тупроққа қўйишда ҳам, Хадича онани йўқотишингизда ҳам уммат учун сабрда улкан таълим  бор эди. Ҳимоячингиз Абу Толиб вафот этганда бутун умматни йиғлатдингиз. Қанийди, амакингиз «ЛА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲ» деганда эди, жонимиз сизга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ!.. Аммо бу ҳам Аллоҳнинг бир ибрати эдики, унда Сиз ҳам ўз истаганларингизни ҳидоятга чақира олмаслигингизни кўрсатган эди.

Макканинг азиятлари, Тоифнинг озорлари қалбингизни тирнадими, эй Ҳабибим?! Сиз  Савр ғорига кўтарилар экансиз, у ғорнинг севинчи бутун Маккани рашкда куйдирган бўлса, не ажаб! Суроқа ибн Молик Сиздан омонлик хатини олиб, қандай бахтни туйди экан-а? Мадинага кетаётганингизда Макканинг кўчалари, Тоифнинг узумзорлари ҳижронда зор йиғлаган бўлса, Мадина йўллари: «Тезроқ келинг, Ҳабибим, Марҳабо, қалбим қувончи!» деганди. Абу Айюбнинг хонадони бахтдан бутун дунёни рашклантирганди. Бадр, Уҳуд, Ҳунайн, Ҳайбар изларингизга зор қолган эди неча асрлар. Ҳудайбия Маккани яна ҳижронда қолдирганди. Нажжоший розияллоҳу анҳу  бутун подшоҳларни ортда қолдириб, сизга эргашмоқни шараф билганди. Макка сиз қайтган кунни кўз ёш ила қаршилади. Бағримда қолинг, Ҳабибим, дея зорланганди. Аммо Сиз Мадинага қайтингиз. Умрингиз охирлаганини сезган Абу Бакрнинг йиғидан соқоллари ҳўл бўлиб кетди. Вафотингизни эшитган Умар розияллоҳу анҳу айриллиққа чидолмай қолди. Фақат Сиддиқ бўлган халифангиз ўзини тутиб олган ва бошқаларниг ҳам ақлини йиғишига сабаб бўлган эди.

Сиздан кейин меросхўрлар чиқди, илмингизни давомчилари дунёга келди, илм эшиги бўлган Али розияллоҳу анҳунинг илм денгизида сузган олимлар етишди. Сийратингизни бизларгача етказган Ибн Ҳишомлар чиқди . Қуръонни сиздан таълим олгандек тафсир қилиб берган Ибн Касирлар чиқди. Замахшарийлар севгингиз сабаб Хоразмдан Мадина ва Маккага бориб, илм олиб, араб халқига илм берди. Муборак ҳадисларингизни йиғмоқни шараф билган Имом Бухорийлар чиқди. Имом Термизий, Фарғоний, Хоразмий, Берунийлар ул илоҳий илмга чорловчи сўзингизга итоат этишни шараф билишди.

Эй Ҳабибим! Оламлар Сизни мендан-да кўп севган. Саҳролар Сизни мендан-да кўп қизғанган. Мадина жамолингизга интиқ қанча асрларни бедор ўтказган. Тоиф ҳамон афсусдан йиғлайди. Айтинг, бу гуноҳкор ҳолимда Сизни кўрмоқликка ҳақлимикинман?! Ҳабибуллоҳ, Сиз ўзингизни Халилуллоҳ дедингиз-у, «Бу фахр эмас», дея бандалигингизни, камтарлигингизни изҳор қилдингиз. Аммо бу ожиз ҳолимда мен ўзимни Сизнинг умматингизман, дея фахрга бораман. Бу ҳолимни Аллоҳ сизга қандай изҳор қилдийкан-а?! Уятдан йиғлаяпман, ахир Сиз: «Менга амалларингиз кўрсатилади», дегансиз-ку?!. Ҳабибим, қалбим суйгани, бу гуноҳкор тилимда исмингизни айтишга-да ҳаё қиляпман.

Мен шундай бир юртда яшайманки, унда тинчлик, илм, Қуръон нафасининг ажиб шамоллари эсади. Унинг ҳар бир тонгги  гўзал.  Бу юртда илмлар ўзлаштирилади.  Бу юртда меҳр улашилади. Бу юртда устозлар илмнинг роҳатини ўргатишади.  Бу юртда Сиз айтган бағрикенглик илк  тарбиядан бошланади. Бу юртда ота-оналар қизларидан фахр қилиб яшашади.  Бу юртда мард ўғлонлар Сизга эргашиб яшайдилар.  Бу юрт  Сизнинг издошларингиз,  меросхўрларингиз юрти Ўзбекистондир.  Биз  сизга эргашмоқликни  олий шараф билдик. Бизни дуо қилинг, Ҳабибим!..

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу.

Орифахон ЮНУСХЎЖА, Имом Бухорий номидаги

 Тошкент Ислом институти 3-босқич толибаси

 
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил билан ўтирган давоми...

20:38 / 18.11.2016 6645
embedhttpswww.youtube.comwatchvNy3SG2AchMembed

22:29 / 08.06.2017 2707
Иккинчи халифа Умар ибн алХаттоб розияллоҳу анҳу даврларида барча ёш муслималар учун Нур сурасини ёддан давоми...

13:55 / 06.02.2017 9699