Доктор Одил Фалаҳ юртимизга шахсий зиёрат билан ташриф буюрдилар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жорий йилнинг 30 май куни Кувайт давлат Вақф ва Ислом ишлари Вазирининг ўринбосари, Жаҳон Васатия Ташкилотининг аъзоси, Доктор Одил Фалаҳ юртимизга шахсий зиёрат билан ташриф буюрдилар.

Шу куннинг ўзида Доктор Одил Фалаҳ билан Islom.uz порталидаги барча сайтларнинг ходим ва ходималари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувни фазилатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари очиб бердилар. Ҳазрат ўз сўзларида Доктор Одил Фалаҳга ташрифлари учун ўз миннатдорчиликларини изҳор этдилар. Сўнгра порталдаги барча сайтлар ва уларнинг ходимлари билан бирма-бир таништириб чиқдилар. Бу инсонларнинг барчалари фақатгина Аллоҳ розилиги йўлида холис хизмат қилаётганларини таъкидлаб ўтдилар. Шундан сўнг Доктор Одил Фалаҳ сўз олиб, қуйидагиларни айтдилар: «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Аввало, сизлар билан учрашиб турганимдан ғоят мамнунман. Мен жуда кўп юртларда ва давлатларда бўлдим. Лекин ҳеч бир мамлакатда сизлар каби 20 дан ортиқ сайтнинг бир жойда уюшиб, Аллоҳ йўлида холис хизмат қилаётганларини кўрмадим. Ҳозиргина эшитганларимдан шу нарса маълум бўлдики, порталингиз Исломнинг барча соҳаларини, жумладан, Ислом маданияти, Ислом тарихи, Ислом адабиёти каби жабҳаларини қамраб олган экан. Мен энди ўз юртим ва бошқа юртларга борганда, сизларнинг бу фаолиятингиз ҳақида гапиришни ва шундай ишларни амалга оширишга тарғиб қилишни ва керак бўлса, сизлар билан ҳамкорликда ишлаб, сизлардан иш ўрганишни ташкил қилишни ният қилиб турибман», дедилар. Айниқса, Доктор Одил Фалаҳ« Мuslimaat.uz» сайти ҳақида жуда илиқ фикрларни айтдилар. Жумладан, шундай дедилар: «Ҳозирги тараққийлашган даврда аёл-қизларимизнинг дунёдаги энг тезкор ахборот тарқатаётган интернет воситасида ўзи сингари муслима опа-сингилларига илм ва маърифат улашишда фаол эканлиги таҳсинга сазовордир. Албатта, Ислом аёлни улуғлаган. Пайғамбарларни ҳам, олиму уламоларни ҳам аёл дунёга келтирган, аёл тарбиялаган, аёл вояга етказгандир. Имом Бухорийни шундай улуғ бўлиб, дунёга машҳур бўлишига ким сабабчи бўлган? Албатта, унинг волидаи муҳтарамаси сабабчи бўлган. Чунки Имом Бухорийнинг отаси у кишининг ёшликларида ўтиб кетганлар. Имом Бухорийнинг оналари эрталаб бомдодга ўғилларини уйғотиб, чиройли кийинтириб, дарвозаси олдида жамоатни кутиб турган ва ўғлини жамоатга қўшиб намозга жўнатган эканлар. Худди шу онанинг тарбияси туфайли Имом Бухорий буюк муҳаддис олим бўлиб етишдилар. Исломда аёлларнинг илмли ва маърифатли бўлмоғи, мана шу каби олимларни дунёга келишида жуда ҳам зарур», дедилар. Шундан сўнг муҳтарам Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари Доктор Одил Фалаҳнинг илиқ ва самимий сўзлари учун раҳмат айтдилар ва порталимиз ва ундаги меҳнат қилаётган барча инсонларнинг ҳаққига дуо қилишларини сўрадилар. Доктор Одил Фалаҳ Аллоҳдан хайр ва барака тилаб, узоқ дуо қилдилар.
Мавзуга оид мақолалар
Паҳлавага ҳам худди дўлма каби бир неча миллат вакиллари даъвогарлик қилишади. Балки, ростдан ҳам паҳлава давоми...

12:50 / 29.11.2016 4477
Саудия Арабистонидаги Кабапўш кисва  тикилувчи фабрика Япониядан келтириладиган янгича ускуналар билан давоми...

07:20 / 09.02.2017 6518
   Ҳуда Идрис ўз бизнесини 12 ёшида бошлаган. Саудия Арабистонидаги мактабларда бир нечта дастурлаш давоми...

14:15 / 08.03.2017 3918
Барча уламои киромлар никоҳ суннат амаллардан эканлигига ихтилоф этишмайди, балки унга тарғиб этишади. давоми...

09:48 / 27.10.2016 4966