Илмига амал қилган Устозимиз
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ассалому алайкум. Мен Ҳазрат билан 2004 йилда бўлган бир воқеани сўзлаб бермоқчиман. Ишхонамизда бир ходимимизга Аллох ўғил фарзанд ато этган эди. У ақиқа маросимини каттароқ қилишни ният қилган экан. Қайси домла келади, деб сўраганимда, Ҳазрат келсалар, роса зўр бўларди, деб ниятини менга билдирди. Шу сабаб мендан, Ҳазратни танийдиган бирор таниш борми, деб сўради. Мен эса юринг, тўғридан-тўғри Ҳазратнинг уйларига борамиз ва шахсан ўзларига мурожаат қиламиз, дедим.

Шундан сўнг Ҳазратнинг уйларига кириб бордик. Бизларни Ҳазратнинг укалари кутиб олиб, уйга таклиф қилдилар. Кейин Ҳазратнинг ўзлари чиқиб келдилар. Биз Ҳазратга ташрифимиз сабабини тушунтирдик. Ҳазрат хурсанд бўлиб, дуо қилдилар ва ақиқа кунини сўрадилар. Биз эса Ҳазратдан ақиқа кунини ўзларини вақтларига қараб белгилаб беришларини айтдик. Улар сафардан қайтганларидан сўнг ақиқани ўтказишни маслаҳат бердилар.

Орадан, тахминан, 3 ҳафта вақт ўтди. Мен жияним билан Ҳазратнинг уйларига келдим ва катта ҳаяжон билан Ҳазратни кутдим. Чунки орадан маълум вақт ўтиб, Ҳазрат бизларни унутиб қўймадилармикин, деган хавотир хаёлимни чулғаган эди. Аммо беҳуда хавотир бўлибман. Ҳазрат чиқиб келдилар. Жияним рулда, мен машина олди ўриндиғида, Ҳазрат эса орқа ўриндиққа ўтирдилар.

Биз нимадир гапиришга ҳам журъат қилолмадик. Чунки Ҳазратнинг салобатлари босиб турарди. Ҳаттоки ақиқа ўтадиган тўйхонани йўлини ҳам унутиб қўйганимиздан Ҳазрат ўзлари йўлбошчилик қилиб кетдилар. Маъруза вақтида Ҳазратнинг ёнларида ўтирдим. Маъруза тугагач, дастурхонга ош узатилди. Менинг ҳаяжонимни сезиб, Ҳазрат «Агар ошни бирга талашиб есак, ейлик, бўлмасам, емайлик» дедилар. Мен «Йўқ, сиз билан талашиб ейман» дедим.

 Шу аснода Ҳазрат билан ошни охирги гуручи қолмагунча талашиб едик. Мен  Ҳазратнинг  шунчалик камтар, самимий, ўта сезувчан ҳамда жуда кўнгли кенг ва очиқ суҳбатдош эканларидан жуда ҳайратда қолдим.  Орқага қайтганда, биз анча яқин бўлган ҳолда суҳбат қуриб кетдик. Мен учун мазкур воқеа бир умр хотирамда муҳрланиб қолди. Илмига амал қилган Устозимиз ўрнида кўрдим. Бундай буюк инсонлар Аллоҳнинг назарида бўлиб, икки дунёда ҳам азиз ва мартабалари баланд бўлишларига ишонаман ва Аллоҳдан ёлвориб Ҳазратни энг катта мукофотлар билан тақдирлашини сўрайман.

Пўлатов Баҳром

Мавзуга оид мақолалар
Умр йўлларида ҒАНИМАТ ЛАҲЗАЛАР Кунлар совуб қолгани боис, турмуш ўртоғим ишдан қайтаётганда дўкондан давоми...

11:07 / 12.03.2017 9245
Ҳадиси қудсий «Гувоҳлик бераманки, якка Ўзимдан бошқа илоҳ йўқ. Менинг шеригим ҳам йўқ. Муҳаммад Менинг давоми...

08:31 / 24.12.2016 3150
Аллоҳ таоло бандани вирдлар мавжудлиги ила турғизиб, уларда бардавом қилганини ҳамда мададни давоми...

14:00 / 10.07.2019 2507
Фироқ вақтидур, эй кўзлар, энди қон йиғланг, Билурмисизки, бу кун не кишидин айриласиз Алишер давоми...

15:11 / 04.02.2017 7989