Аллоҳнинг гўзал исмлари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дарс Қуръони Каримдан, ҳадиси шарифдан, зикрлар ва дуолардан ёд олинганларини текшириб чиқиш ила бошланди. Сўнгра ота: «Ҳозиргача Аллоҳнинг гўзал исмларидан қанча ёд олдинглар?» деб сўради.

Фотима: «Отажон, ҳозиргача сиз билан қирқдан ошиқ Аллоҳнинг исмларини ёд олганимизни текшириб чиқдим».

Ота: «Яхши тўқсон тўққизта исмни ёд олишингизни ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратларига эришишингизни хоҳлайман». Холид: «Сизга Аллоҳ яхшиликни башорат қилсин, отажон. Бу қандай башорат экан?» Ота: «Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг тўқсон тўққизта исмлари бор, ким уларни ёд олиб, ўзига сингдирса, жаннатга киради», дедилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари) Кимки бу исмларни ёд олса, маъноларига эътиқод қилиб, уларга амал қилса, Аллоҳ уни жаннатга киритади. Холид: «Иншааллоҳ, ушбу гўзал исмларни ёдлаб оламан ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратларига эришаман. Барча айбу нуқсонлардан пок ва улуғ бўлган Зотнинг қайси исмларини бугун ёд оламиз?» Ота: «Аллоҳниг гўзал исмларидан: Алий (олий ва тенги йўқ)

Кабир (ҳар бир нарсадан катта, ўта буюк)

Ҳафиз (ҳар нарсани, ҳар кимни комил суратда муҳофаза қилувчи)

Ғоний (беҳожат, ҳеч кимга ҳожати тушмайдиган зот).

Шу вақт Фотима акса урди, акса урган вақтда дастрўмолчаси ила оғзини ёпди, сўнгра: «Алҳамдулиллаҳ (Аллоҳга мақтов)», деди. Қолганлар: «Ярҳамукаллоҳ (аёл кишига Ярҳамукиллаҳ) (Аллоҳ сенга раҳм қилсин)», дедилар. Фотима уларга қаради ва ҳамма ундан жавоб кутаётганлигини кўрди ва отасига қараб: «Нима деб жавоб қайтаришим керак, отажон?» деди. Ота: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга мусулмон акса урганда, Алҳамдулиллаҳ дейишни, буни эшитганлар унинг ҳаққига дуо қилиб, Ярҳамукаллоҳ (аёл кишига Ярҳамукиллаҳ) дейишни, акса урган жавобига Яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳ балакум (Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин ва аҳволларингизни яхшиласин) дейишни ўргатганлар». Сўнгра ота: «Суюклиларим, бугунги дарсимизни тонгги ва кечки зикрлардан бўлган бир зикр ила тугатамиз: لاَ إِلَهَ إلاَّ اللهُ وَحْدَهُ لاَ شَرِيْكَ لَهُ، لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيءٍ قَدِيْرٌ Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳ. Лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шай ин қодийр. Маъноси: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир, Яккаю Ягонадир. Унинг шериги йўқдир. Мулк уникидир, ҳамд унгадир ва У ҳар бир нарсага қодирдир. (Абу Довуд ривояти) Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки, кимки буни тонг отганда ўн марта айтса, худди қул озод қилгандек бўлади, унга ўнта яхшилик ёзилади ва ўнта ёмонлиги ўчирилади, жаннатда ўн даража юксалтирилади ва кеч киргунча шайтондан Аллоҳнинг паноҳида бўлади. Агар буни кеч кирганда ўн марта айтса, то тонг отгунча шундай бўлади. Энди дарсимиз ҳам тугади, фарзандларим».
Мавзуга оид мақолалар
Доктор Рана ДажаниДоктор Рана Дажани иорданиялик молекуляр биолог ва Хашимит университети ассистенти.У давоми...

04:54 / 06.03.2021 5645
Ҳар бир хоним тоза, шинам, дид билан безатилган уйда яшашга одатланиши керак. Уйингиз шинамгина бўлиши давоми...

20:55 / 09.01.2017 6707
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда у Зот «Игна давоми...

11:26 / 02.03.2017 22818
Мўминнинг қалбини оғритиш Каъбани вайрон қилиш билан баробар. Бир мўмин қалбини хушнуд этиш эса Каъбани давоми...

15:00 / 04.06.2018 12718