Инсониятнинг энг қадимий муассасаси: оила
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсон, аввалига Одам бир ўзи инсон эди, бир ўзи нафс эди. Кейин у нафсдан жуфти яратилди16. Бир эди, иккига кўпайишди; Одам ато ва момо Ҳавво бўлди. Коинотда ҳар нарсанинг жуфти бўлиши, жуфт қилиб яратилиши17 қонунидан келиб чиқиб сокинлик топиши18 учун Одам ва Ҳавво бир-бирига қовушдилар. Шу тарзда илк таъсис этилган қадимий оила вужудга келди.

Оила сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий барча муассасалардан кўра анча чуқур илдизга эга ва қадимийдир. Ислом эркак ва аёлга ўша энг қадимий муассасада ота-она вазифасини топширди. Жисмонан ва руҳан етуклиги ҳамда нафақа билан таъминлашга қодирлиги туфайли эркак кишига масъулият юклаб, уни оила раҳбари этиб тайинлади.19 

Aллоҳ азза ва жалла яратган махлуқотларини кўпроқ Ўзи билгани учун жуфтларнинг вазифаларини фитратларига қараб белгилади. Раҳм-шафқат, меҳрибонлик ва ҳис-ҳаяжон каби хусусиятлари сабабли ҳомиладорлик, болани эмизиш, болага қараш каби турли вазифалар аёлнинг зиммасига; кучли, қувватли ва аёлга нисбатан жасурроқ эканлигини ҳисобга олиб, оилани ҳимоя қилиш ва унинг оғирини енгил қилиш вазифаси эркакнинг елкасига юкланди.

Aллоҳ азза ва жалла оилада ҳукм қилишда келишмовчилик бўлмаслиги ёки вазифалар ўрни ўзгариб қолмаслиги учун (аёл эркакнинг вазифасини, эркак аёлнинг вазифасини қилмаслиги учун) эркак ва аёлга инъом этган фитратини ҳеч ўзгармайдиган қилиб қўйди. Aёл ўз фитратидаги раҳм-шафқат сабабидан тўққиз ой фарзандини вужудида кўтариб юради. Вақти-соати келганда, уни дунёга келтиради. Бир мартагина фарзандининг юзига боқиб ёки уни қучоғига олиб, ҳидидан тўйиб ҳидласа, бас, шунча чеккан оғриқларини бир зумда унутади-қўяди. Боласи йиғлаганда, она ҳорғин бўлса-да, асаблари чарчаган бўлса ҳам, кечаси бўлсин, кундузи бўлсин, ўрнидан турди, эринмасдан, оғринмасдан боласини эмизди, тагини тозалади. Ҳаётга тайёрлаш учун боласига гапиришни ўргатди, болам ором олсин дея, алла айтиб берди. Иссиқ-совуқдан пана қилиб, авайлаб катта қилди. Эркак ҳам ўз фитратидан келиб чиқиб,  кўчада меҳнат қилиб, оиласи учун ризқ топди, ишлади, ҳолдан тойди, аммо ортга чекинмади, тиришиб оилани моддий жиҳатдан таъминлади. Оғзида майда хас-чўпларни ташиб, ин қурган бир қуш каби сабр ва қатъият билан оиласи учун уй қурди, тирикчилик учун нафақа қилди.

Ер юзининг энг қадимий уюшмаси бўлган оила асрлар давомида шу ҳолатда давом этди. Эркак ишлади, экди, ўрди; аёл эса пишириб дастурхонга қўйди. Бири кўпинча ташқарида, иккинчиси ичкарида бўлди. Бола билан кичиклигида онаси, улғайгач эса отаси шуғулланди. Ўқиш харажатлари, йўл чиқимлари, ижара ҳақи, тўй пулини ота таъминлади. Эркак ва аёл ўз вазифаларини бўлиб олишганида, бир-бирларига бўлган муҳаббатлари янада ортиб борди. Мажбуриятлар ўртоқлашилди, елкадаги юклар енгиллашди. Қалбларга ҳузур-ҳаловат кириб келди.

Исломий оилага замонавий ҳаёт шамоли эсиб келгунча, оила энг қадимий уюшма бўлгани сингари, энг ҳузурли макон мақомида бўлди. “Тенглик” деб аталган вайронкор куч таъсирида аввалига оила ларзага келди, сўнгра асоратлари ўнлаб йиллар ўтса ҳам даво топилмайдиган зарбаларга дучор бўлди.

Вазифалар чалкашиб кетди; аёл эркакнинг, эркак аёлнинг ишини қила бошлади. Aёл эркак каби оилани таъминлашга мажбур бўлди. Уй тозалади, чой ташиди, муҳандис бўлди, меъмор бўлди. Қурилиш майдонида ишлади. Ҳавво онамиз каби эрига турмуш ўртоқ бўлган аёл минг йиллардан сўнг унга рақиб бўлди. Иш жойида қарши жинсдаги инсон билан қарама-қарши рақобатга киришди. Болага сут беришни ҳам, алла айтишни батамом унутди. Меҳри, шафқати заифлашди, эркак каби ҳис қилишни, у каби яшашни бошлади.

Бир вазифада ишлайдиган инсонлар орасида доим рақобат ҳисси бўлади. Дурадгор қолипчига, дорихоначи новвойга, ўқитувчи муҳандисга эмас, ҳар бири ўзи билан бир хил ишда ишловчи ҳамкасбига ҳасад қилади. Оиладаги вазифаларини оқилона тақсимламаган бу икки жуфт ҳам бир-биридан кўпроқ пул топишда кимўзарга киришади ва қайси бири кўпроқ пул топса, ўшанинг гапи оилада кўпроқ ўтадиган бўлади.

Турмуш ортоғи билан рақобатга киришган аёл қоронғу тушганда, асаблари таранг ҳолатда ишдан қайтди. У бу ҳолатда на уйига, на турмуш ўртоғига эътибор беради. Уйда ҳар ким қанча топишига қараб ёки иш тажрибасига қараб, оилада гап гапириш ҳуқуқига эга бўла бошлади. Aллоҳнинг жуфтларнинг фитратига таяниб белгилаган мувозанати бузилди. Aёл ўзини эркакдек ҳис эта бошлади. Матонат, шижоат каби ҳимоя ва парвариш қилишга хос сифатлари билан танилган эркакдан ўзиб кетишга интилди, тиришди. У охири майдонда мағлуб бўлган, энг аянчлиси, оиласи пароканда аёл бўлиб ортга чекинишга мажбур бўлди.

Ижтимоий ҳаётда энг кичик муассасалар ҳам раҳбар билан фаолият юритаркан, оила эгаси йўқ карвонсаройга айланиб қолди. Мактабда мактаб раҳбари, ширкатда бошқарувчи, университетда ректор, давлатда давлат раҳбарининг идораси остида иш юритилди, аммо оила бошлиқсиз қолди. Роллар алмашиб кетди, аёл эркакнинг, эркак аёлнинг ишларига дохил бўлди. Aммо на аёл эркак бўла олди, на эркак – аёл…

Хавф сезилди. Оила билан алоқадор вазирликлар, бошқармалар ташкил этилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ташлаб қўйилди. Оиласини пароканда қилиб қўйиб, ҳайвон боқишдан тасалли излаган ғарбликларга тақлид қилинди. Имконини топган баъзи ғариб инсонлар эса фарзандлари ўрнига, ўзлари тақлид қилган ғарбликлар каби меҳр-муҳаббатларини бериб кучук боқишга ўтишди. Чақалоқ йиғисидан қочган жуфтлар ярим кечаси ёки эрта тонгда қўлига боғлаб олган кучукларини кўчаларда айлантириб юришди. Бошлиқсиз қолган оила маҳкамада бир судянинг ҳукми билан парчаланиб кетди. Оиланинг энг пок, энг қимматли бўлаги бўлган фарзандлар эса мурғаккина қалбларини еб-битираётган оғир дард билан ота-онасига ортиқча юк бўлиб ўртада қолдилар.

Инсониятнинг энг қадимий уюшмаси бўлган оила ҳали-ҳамон инсонларнинг ақл билан иш кўришларига муҳтож. Бу эса оилага алоқадор вазирлик ташкил қилиш ёки масъул шахслар белгилаш билан эмас, эркак ва аёлнинг Aллоҳ тайинлаб қўйган асл вазифаларига қайтиши билан билангина амалга ошиши мумкин.

Нафс очил дейди, фитрат ўран дейди

Йўловчимиз... Бир томонда тўсиқлар билан тўсилган, тиконлар сепилган жаннат йўли, иккинчи томонда эса, атрофи кўнгилхушликларга тўла маконлар, дарахт ва гуллари кўзга сафо берадиган жаҳаннам гузари... Жаннат йўлига кирганлар чарчайдилар, терлайдилар, уйқусини тарк қиладилар, мол-дунёсини камбағалларга тарқатадилар, ўзлари учун амал қилганлари сингари бошқалар учун ҳам амал қиладилар. Ўқийдилар, ҳаётга тадбиқ қиладилар ва бошқаларга ҳам етказадилар. Тоқати етмай қолиб ёхуд жаннат йўлида юрганлари учун Иблиснинг болалари томонидан уйлари портлатилиб, шаҳарлари вайронага айланса ҳам, анбиёлардан қолган “ҳар ер вайрона бўлса ҳам, бу йўлнинг охири саломатликдир” шиорини ўқиб, “Уйимиз йиқилса ҳам, Аллоҳ бор, дардимиз йўқ!” деб ўзларига ўзлари тасалли берадилар. Тоқатлари етмай қолганда ҳавою нафси орага суқулиб кириб “кайф-сафо қилиб юр, ҳаётдан завқланиб қолсангчи” дейди. Ҳавою нафсини илоҳ қилиб олганлар20 Иблиснинг алдовларига ишонадилар ва “Ўзимга имконият бериб кўрай” деб, иккинчи йўлни танлайдилар. Шаҳватга мағлуб бўлмаган мўмин эса дунё завқларини охиратникига қиёслайди, ўзини йиғиб олади, тўхтаган жойидан “Аллоҳ бизга кифоя!” деб юришда давом этади.

Давоми бор.

 

Абдуллоҳ Раҳим ва Нилуфар Исроилова таржимаси

 

-----------------------------------------------

16  Нисо сураси, 1-оят.

17  Зорият сураси, 49-оят.

18  Рум сураси, 21-оят.

19  Нисо сураси, 34-оят.

20  Жосия сураси, 23-оят.

Мавзуга оид мақолалар
Мусулмон одоби ТАВБА ОДОБЛАРИ Саккизинчи одоб ndash тавба қилиш қалб, тил ва бутун вужуд билан бўлиши. давоми...

19:26 / 21.07.2020 3035
Болалар Улубатли Ҳасан турк қаҳрамони бўлишни қанчалар севадилар. Уни таниб олганларидан сўнг, на Ўргимчак давоми...

03:00 / 01.03.2022 4929
Бу умматнинг қизиrdquoга мактуб Бир лаҳзалик ғафлатдан қандай халос бўлишни билмайман Қадрли устоз,Сиз билан давоми...

10:42 / 28.07.2020 3939
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифдан икки оёқлари қонаб, у ердагиларнинг озорларидан қалблари давоми...

16:00 / 06.11.2021 2719