ФОНИЙ БЎЛМАС ИЗЗАТ ҲАҚИДА
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фоний бўлмас иззатинг бўлишини истасанг, фоний иззат билан иззат талаб қилма.

Инсон ўзининг азизлигини талаб қилиши иззатдир. Иззатнинг баъзи кўринишлари кибрга ўхшаб кетиши ҳам мумкин.

Кибр эса, иззатдан фарқли равишда, олий бўлишни, бошқалардан устун бўлишни исташдир. Кибр мазаммат қилинган сифат бўлиб, тасаввуфнинг энг катта душманидир. Иззат эса марғуб нарса бўлиб, уни бандалардан эмас, Аллоҳ таолонинг Ўзидан талаб қилинганда тўғри бўлади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда инсоннинг заиф зотлигини зикр қилган:

«Инсон заиф яратилгандир» (Нисо сураси, 28-оят).


Инсон заиф бўлгани учун доимо иззат талабида бўлади.

Инсон хорликдан қочаман деб, бандалардан иззат талаб қилса, оқибатда яна хорликка юз тутади. Аллоҳ таоло дунёда хар бир нарса учун сабабларни ҳозир қилиб қўйган. Шунинг учун банда ҳар бир иш сабаблар орқали юзага чиққани туфайли муваффақиятни уларга нисбат бериб гапиради. Биз истеъмолда ишлатадиган «Эркак билан аёл турмуш қургач, фарзанд туғилади», «Фалон дорини ичсангиз, бош оғриғингиз тўхтайди» каби гаплар аслида сабаблардир. Аллоҳ таоло уни Ўзининг иродаси билан беради. Биби Марямни эсласак, эр-хотин орқали фарзанд дунёга келиши бу фоний дунё учун бир сабаб қилиб қўйилганини англаб етамиз. Баъзи обрўли кишиларнинг имкониятлари ҳам ўзининг кучидан эмас, балки Аллоҳнинг иродасидан, сабабларга боғлаб қўйганидандир.

Кишилар ҳаётидаги муаммоларни ўрганиб чиқсак, асосий истаклар бандасидан иззат исташ экани маълум бўлади. Биз Аллоҳ таолога буткул суяниб, У Зотга тўлиқ таваккул қилиб, астойдил дуо қилсаккина натижа бўлади. Тилда Аллоҳдан сўраб, қалбда яна ўша кишига мурожаат қилиш истаги тураверса, вазият оғирлашаверади. Иззат фақат Аллоҳнинг Ўзидан бўлсагина, ҳақиқий иззат бўлади. Бандасига суяниш, унинг мансаби, обрўси орқали иш битиришга уриниш, яқин биродари эканидан фахрланиб, унинг шарафидан иззат топишга умид қилиш эса оқибатда маҳрумликка, Аллоҳнинг назаридан қолишга олиб боради.

Дунё ҳаётидаги машҳур, обрўли шахслар сизнинг яқинингиз бўлиши фоний, ўткинчи, мустаҳкам бўлмаган суянчиқлардир. Улар билан иззат топишга уриниш эса хорликка юз тутишдир. Оламларнинг Робби бўлган Қудратли Зотга азизу мукаррам бўлиш банда учун боқий шараф, охири бутун бўлган бахтдир.

Ўтмиш воқеларидан маълумки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудийлар билан жанг бўлганда уларга яхшиликни мақсад қилиб, сулҳ тузиш мақсадида: «Уларга хурмо берайлик», деган эдилар. Шунда саҳобийлар: «Бу Аллоҳдан буйруқ бўлдими ёки ўзингизданми, эй Аллоҳнинг Расули», деб сўрашди. У зот бунинг ўзларидан бўлган ташаббус эканини айтдилар. Шунда саҳобалар: «Биз мушрик ҳолимизда ҳам бу ишни қилмаган эдик. Энди Исломни таниб, сиз билан азиз бўлганимизда бу ишни қилмаймиз», дейишди. Улар Аллоҳга ва Унинг Расулига чин иймон ила таваккул қилишган эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло уларга нусрат берди. Ҳақиқий иззат – бандаларга ёқиш истагидан бутунлай холи бўлган ҳолда, Аллоҳ таолога банда бўлиш орқали азиз бўлишдир. Инсон Аллоҳнинг тоатида мустаҳкам бўлса, бу тоатлар эвазига бандаларнинг эътирофини кўзламаса, шунинг ўзи уни бандаларнинг ичида ҳам азиз қилиб қўяди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ бир бандани яхши кўрса, Жаброилга: «Аллоҳ фалончини яхши кўрди, сен ҳам уни яхши кўргин», дейди. Шунда Жаброил ўша бандани яхши кўради. Кейин Жаброил осмон аҳлига: «Аллоҳ фалончини яхши кўрди. Сизлар ҳам уни яхши кўринглар!» дейди. Шунда осмон аҳли ҳам ўша бандани яхши кўради. Шундан сўнг у ер аҳлига ҳам мақбул қилиб қўйилади».

Бухорий, Муслим, Термизий ва Аҳмад ривоят қилганлар.


Одинахон Муҳаммад Содиқ


#hikam

@bintusodiq ⬇️⬇️ https://t.me/joinchat/AAAAAEBwhmhgsq2sn2s4Mg

Мавзуга оид мақолалар
Борлиқдаги нарсаларнинг зоҳири алдамчидир, ботини ибратлидир. Нафс уларнинг алдамчи зоҳирига қарайди. Қалб эса уларнинг ибратли ботинига назар солади. Бу давоми...

08:13 / 23.08.2020 3575
У Зотдан сен талаб қиладиган энг яхши нарса У сендан талаб қиладиган нарсадир. Банда талаби дуо қилганида аввало Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандасидан талаб қилган давоми...

09:00 / 21.05.2020 3780
Махлуқотлардан келган ато махрумликдир.Аллоҳдан келган ман қилиш эҳсондир.Бандадан нимадир умид қилиш, тама қилиб, нимадир бергани учун унга қарам бўлиш ҳолати давоми...

19:01 / 29.11.2020 1898
Жоҳилликнинг уч аломатиКимни ҳар бир саволга жавоб берадиган, ҳар бир шоҳид бўлган нарсасини таъбир қиладиган ва ҳар бир билган нарсасини зикр қиладиган ҳолда давоми...

19:00 / 02.02.2020 4196