ТАРОВЕҲ НАМОЗИ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ТАРОВЕҲ НАМОЗИ 

Ассалому алайкум, сайтимизнинг муҳтарам фойдаланувчилари!

Барчангизни покланиш ойи, дўзахдан қутулиш ойи бўлмиш Рамазони шариф билан муборакбод этамиз.

Бу йилги Рамазон ўзига хос синовли кунларга тўғри келгани муносабати билан сиз азизлардан таровеҳ намозига оид саволлар жуда кўп тушяпти. Бундай бўлиши табиий. Ҳар йили бу намоз жомеъ масжидларда ўқилар, эркакларимиз юртимиздаги масжидларга бориб, жамоат бўлиб таровеҳ намозларини адо этиб қайтишар эди. Бу йил эса бу намозни уйда ўқиш ҳақидаги фатвога амал қилиб, ҳамма таровеҳни ўз оиласида, фарзандлари, аҳли аёллари билан биргаликда ўқийди.

Ушбу ҳолатдан келиб чиқиб, турли саволларга шаръий жиҳатдан жавоб бериш, тушунмовчиликларга аниқлик киритиш мақсадида сиз азизлардан келган саволлар асосида таровеҳ намози ҳақидаги ушбу мақолани тайёрлашга ҳаракат қилдик.

Аллоҳ таоло барчамизга Рамазон ойини гўзал суратда кутиб олишни, кечалари қоим, кундузлари соим бўлиб ўтказишни, ибодатларни оила аъзоларимиз билан биргаликда адо этиб, кўплаб ажру савобларга эришишимизни насиб этсин!

1-САВОЛ: Намозни жамоат билан ўқишнинг фазли қандай?

ЖАВОБ: Намозни жамоат билан ўқиш – суннати муаккададир.

Имом билан муқтадийнинг намози ўртасида ҳосил бўлган боғланиш «жамоат» дейилади.

Намозни жамоат билан ўқиш Қуръон, Суннат ва ижмоъ ила собит бўлган.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида шундай дейди:

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ

«Улар ичида бўлсанг-у, уларга намозни қоим қилмоқчи бўлсанг, улардан бир тоифаси сен билан турсин» (102-оят).

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: «صَلَاةُ الْجَمَاعَةِ تَفْضُلُ صَلَاةَ الْفَذِّ بِسَبْعٍ وَعِشْرِينَ دَرَجَةً». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أَبَا دَاوُدَ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жамоат намози ёлғизнинг намозидан йигирма етти даража афзалдир», дедилар».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

 

2-САВОЛ: Имомликка кимлар лойиқ?

ЖАВОБ: Жамоат намозига имомлик қилиш учун бир неча шартлар қўйилган:

1. Мусулмон бўлиш. Мусулмон бўлмаган одам имом бўлиши мумкин эмас.

2. Оқил бўлиш. Ақли заиф одам имом бўлмайди.

3. Балоғат. Балоғатга етмаган бола имом бўла олмайди.

Баъзи уламолар: «Балоғатга етган шахс таровеҳда ёш болага иқтидо қилса бўлади», деганлар. Лекин бошқа имомларда топилиши керак бўлган шартлар унда ҳам топилиши керак. Яъни: мусулмон бўлиши, таҳоратли бўлиши, оқил бўлиши, қироатни ҳамда рукуъ, сажда, қаъда каби намознинг рукнларини қила олиши, узрлардан саломат бўлиши, тили бурро бўлиб, барча ҳарфларни тўғри талаффуз қила олиши шарт.

4. Эркак киши. Аёл киши эркак кишига имом бўлиши мумкин эмас.

5. Таҳоратли бўлиш.

6. Қироати тўғри бўлиши, намоз арконларни тўғри бажара олиши. Қироати, тажвиди тўғри бўлмаган одамнинг ортидан намоз ўқилмайди. Соғлом одам намознинг рукуъ, сажда, қаъда каби рукнларини тўлиқ адо эта олмайдиган одамнинг ортидан намоз ўқимайди.

7. Намозда бировга иқтидо қилиб турмаган бўлиши.

8. Таҳоратда узри бўлмаслиги. Масалан, бурнидан ёки жароҳатидан доимий қон оқиб туриши, пешоби томчилаб туриши, ел чиқиб туриши кабилар узр ҳисобланади.

9. Тили бурро, талаффузи тўғри бўлиши. Тили чучук ёки дудуқ одам имом бўлмаслиги керак.

3-САВОЛ: Аёлларнинг ўзлари жамоат бўлиб намоз ўқиши жоизми?

ЖАВОБ: Аёлларнинг ўзлари жамоат бўлишлари макруҳ.

Қадимги уламоларимиз бу гапни изоҳлаб, «Аёлларнинг жамоатга тўпланиши турли ноқулайликлар келиб чиқишига сабаб бўлади», деганлар.

Мабодо аёллар жамоат бўлиб қолсалар, имом бўлган аёл сафдан олдинга чиқмайди, биринчи қаторнинг ўртасида туради.

4-САВОЛ: Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг фатвосига кўра таровеҳ намозларини оила аъзолари билан хонадонларда адо этилар экан. Таровеҳда фарзанд ота-онасига имомликка ўтиши жоизми? Ҳурмат юзасидан яхши эмас, деб ўқигандим. Номаҳрам яқин қариндошларга-чи?

ЖАВОБ: Юқорида айтиб ўтилган имомлик шартларига тўғри келган одам имом бўлиши мумкин. Ўғилнинг ота-онага имом бўлиши асло беҳурматлик ҳисобланмайди. Фақат ота-бола илмда ва бошқа фазилатларда баробар бўлган ҳолатдагина ўғил отанинг изни билан имом бўлади.

Имом намозга ният қилаётганда унга аёллар ҳам иқтидо қилган бўлса, аёлларга имом бўлиб ўқишини ҳам ният қилиши керак.

Жамоатда имомга номаҳрам аёллар бўлса ҳам, иқтидо қилсалар бўлади.

 

5-САВОЛ: Жамоатда аёллар ҳам, эркаклар ҳам бўлса, саф тартиби қандай бўлади?

ЖАВОБ: Бунда имомдан тўлиқ бир саф орқада эркаклар сафи, эркаклар сафидан тўла бир саф орқада аёллар сафи бўлади. Шарт шуки, аёллар сажда қилганида боши эркакларнинг товонига тегмайдиган даражада ора очиқ бўлиши керак.

Бу нарса номаҳрамларнинг бадани бир-бирига тегиб кетса, таҳорат бузиладиган мазҳабларда айниқса жиддий масала, чунки имомнинг бирон жойи бехосдан иқтидо қилган номаҳрам аёлга тегиб кетса, таҳоратлари ҳам ва демакки, намозлари ҳам бузилади.

 

Жамоатда аввал эркаклар, кейин болалар, сўнг улардан кейин аёллар саф тортади.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ t قَالَ: صَلَّى النَّبِيُّ r فِي بَيْتِ أُمِّ سُلَيْمٍ، فَقُمْتُ وَيَتِيمٌ خَلْفَهُ، وَأُمُّ سُلَيْمٍ خَلْفَنَا. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ.

 

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Сулаймнинг уйида намоз ўқидилар. Мен ва бир етим бола у зотнинг орқаларида турдик. Умму Сулайм эса бизнинг орқамизда турди».

Тўртовлари ривоят қилишган.

 

عَنْ أَبِي مَالِكٍ الْأَشْعَرِيِّ t قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ r يَصُفَّ الرِّجَالَ أَوَّلًا ثُمَّ الْغِلْمَانَ خَلْفَهُم. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ وَلَفْظُهُ: وَيَجْعَلُ الرِّجَالَ قُدَّامَ الْغِلْمَانِ، وَالْغِلْمَانَ خَلْفَهُمْ، وَالنِّسَاءَ خَلْفَ الْغِلْمَانِ.

 

Абу Молик Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сафга аввал эркак кишиларни, сўнгра ўғил болаларни тизар эдилар».

Абу Довуд ривоят қилган. Аҳмаднинг лафзида: «Эркакларни ўғил болалардан олдин, ўғил болаларни уларнинг ортига, аёлларни эса ўғил болаларнинг ортига қўяр эдилар», дейилган.

 

6-САВОЛ: Жамоат намозларида, хусусан, таровеҳ намозида имом нима деб ният қилади

ЖАВОБ: Фарз намозларда «Аллоҳим, Сенинг розилигинг учун бомдод (пешин, аср, шом, хуфтон) намозининг фарзини имом бўлиб адо этишга ният қилдим» деб ният қилади. Таровеҳ намозида «Аллоҳим, Сенинг розилигинг учун таровеҳ намозини имом бўлиб адо этишга ният қилдим» деб ният қилади.

 

7. САВОЛ: Таровеҳ намози қандай ўқилади?

ЖАВОБ: Таровеҳ намози хуфтон намозининг фарзи ва суннати ўқилгандан кейин, жамоат бўлиб ўқилади, қироат жаҳрий қилинади. Таровеҳ намози икки ракъат-икки ракъатдан йигирма ракъат ўқилади, ҳар тўрт ракъатдан кейин тасбеҳлар айтиб, бироз дам олинади («таровеҳ» сўзи роҳат, истироҳат деган маънони англатади).

Рамазон ойида таровеҳ намозидан кейин витр намозидаги қироат ҳам жаҳрий ўқилади.

Таровеҳ намози эркакларга ҳам, аёлларга ҳам суннати муаккададир.

Рамазон ойида таровеҳ намози асносида Қуръони Каримни хатм қилиш суннатдир.

Таровеҳ йигирма ракъат бўлишига саҳобалар, тобеъинлар, улардан кейинги авлодлар ва барча фиқҳий мазҳабларнинг имомлари иттифоқ қилганлар.

 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар Рамазонда Қуръони Каримни Жаброил алайҳиссаломнинг ҳузурларида ўқиб, ўтказиб олар эдилар. Шунинг учун ҳар бир мусулмон Рамазонда Қуръони Каримни камида бир марта ўтказиб олиши лозим. Рамазонда хатм қилиш шундан олинган.

(«Кифоя» китоби асосида тайёрланди)

Мавзуга оид мақолалар
Маълумки, Исломда ибодатларнинг қабул бўлиши уларнинг поклик асосида адо этилишига боғлиқдир. Aллоҳ таолога давоми...

19:23 / 07.05.2020 2814
Намозда хаёл бўлинишиАссалому алайкум Намоз ўқишни бошладим дегунча хаёлимда кун бўйи бўлиб ўтган воқеалар давоми...

00:00 / 04.08.2020 13832
Намоз Исломнинг энг муҳим рукнларидан бири экани барчамизга маълум. Шу сабаб намозда хушуъ масаласи жуда давоми...

20:33 / 03.07.2020 4295