Дардга сабр – дўзахга сатр
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсонга берилган неъматларнинг энг қадрлиси – бу сиҳат-саломатликдир. Инсон ҳаёт экан, турли синовларга дуч келиши, бетоб бўлиши табиий ҳолатдир. Шундай инсонлар борки, бетоб бўлиб қолса, буни жуда ёмон ҳолат деб қабул қилиб, норози бўладилар, шикоятлар қилиб, тушкунликка тушиб қоладилар. Аслида-чи? Мусулмон одам бирор дардга чалинганида ўзини қандай тутиши лозим?

Агар инсон ўзига берилган ҳар қандай мусибат, беморлик, ҳатто танасига кирган кичик тикан учун ҳам улкан ажрлар берилиши ҳақида ақл юритганида эди, бундай ҳолатларда алсо маҳзун бўлмас эди. Бу борада биз учун ҳар соҳада буюк муаллим бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ривоятлар бор. Қуйида улар билан танишиб чиқамиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни синовга учратур», дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Синовлардан бири – бу беморликдир. Демак, Аллоҳ таоло кимгаки бирор дардни юборса, унга яхшиликни ирода қилган бўлар экан. Шу ўринда «Ахир дард – бу оғриқдан, қийинчиликдан иборат бўлса, қандай қилиб унда яхшилик бўлиши мумкин?» деган савол пайдо бўлиши мумкин. Биз бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари билан жавоб берамиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонга  қай бир мусибат: ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, маҳзунликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришими, етадиган бўлса, албатта Аллоҳ уларни унинг хатоларига каффорат қилур», дедилар» (Икки шайх ривояти). 

Хаста кишига бериладиган энг катта яхшилик – бу унинг хатоларининг кечирилиши экан.

 Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Соибнинг ҳузурига кирдилар ва: «Эй Умму Соиб, нега қалтираяпсан?» дедилар.

«Иситма. Аллоҳ уни баракасиз қилсин!» деди у.

«Иситмани қарғама. У одам боласининг хатоларини худди босқон темирнинг зангини кетказгани каби кетказади», дедилар у зот» (Имом Муслим ривояти).

Ушбу ҳадисдан босқон темир зангини қандай кеказса, хасталик ҳам гуноҳларни шундай кетказиб, инсонни поклаши ҳақида билиб олдик. Лекин гуноҳларнинг афв этилишининг муҳим шартлари бор, у ҳам бўлса, ўзига берилган дардга сабр қилиш ва ҳар бир иш Роббнинг изни билан бўлади, дея тақдиридан рози бўлишдир. Юқоридаги ҳадисдаги эътибор беришимиз лозим бўлган муҳим масалалардан бири – касалликни маломат қилмаслик кераклигидир. Ўз гуноҳларининг ювилиб кетишига сабаб бўлиб турган нарсани инсон қандай қилиб қарғаши, маломат қилиши мумкин? Аксинча, бундай ҳолатда беморликка сабр ва бундан ҳам ёмон ҳолатга тушмаганига шукр қилиши лозим бўлади.

Аллоҳ таоло бандаларининг хато-гуноҳларига каффорат бўлиши учун турли мусибатлар, дардлар бериб синар экан, биз мусулмонлар У Зотнинг Ўзидан шифо сўраб ёлворишимиз, чиройли сабр қилишимиз, шу тариқа Роббимизнинг марҳаматига ноил бўлишимиз керак. Шунингдек, агар сабрсизлик қилинса, дардга дард қўшилишини, шифо топиш кечикиши мумкинлигини яхши англашимиз лозим.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Банда бемор бўлиб қолса ёки сафарга чиқса, Аллоҳ таоло унга соғлик ва муқим вақтида қиладиган амалларнинг ажрини ёзади», дедилар».

Аҳмад, Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Банда бетоб бўлиб қолса, соғлигимда қиладиган савоб ишларим, нафл рўза, нафл намозларим, зикрларим қолиб кетди, деб ўксимаслиги учун унга худди соғлигида қилиб юрган амалларининг савоби каби савоблар ёзилар экан. Буни билган банда беморликка сабр қилади. Шу билан бирга, мазкур қоидани яхши билган банда соғлик пайтида яна ҳам кўпроқ нафл ибодатлар қилиши турган гап. У шифо топгунига қадар гуноҳлардан покланиб чиқар экан. Агар Аллоҳ таоло ушбу касаллик сабаб унинг жонини қабз қилса, чиройли сабри учун унинг гуноҳларини мағфират қилар экан. Бу қандай бахт!!! Мўмин кишининг ҳар қандай ҳолати савобларга тўла… Хурсандчилик етганда шукр қилса, савобга эришади. Хафачилик, дард етса-ю, сабр қилса, яна ажр-савоб олади, гуноҳлари кечирилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин ва мўминага доим нафсига, молига, фарзандига балолар келиб туради ва ҳатто шу сабабли Аллоҳ таолога гуноҳларсиз йўлиқади», дедилар» (Термизий ва имом Молик ривояти).

Роббига гуноҳлардан пок ҳолда йўлиқиш… Нақадар улуғ неъмат! Бу ҳар бир мўмин-мусулмоннинг орзусидир. Аммо шу ўринда бир нуқтага эътибор қаратишимиз лозим. Беморлик, бало-мусибатлар сабаб кечириладиган гуноҳлар кичик гуноҳлар ҳисобланади. Ширк, бошқа гуноҳи кабиралар ва банда билан банда орасидаги ҳақлар бундан мустаснодир.

 Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бетоб бўлар эдилар. У зотнинг бетобликдаги ҳолатлари эса биз умматлар учун катта ибрат мактаби бўлади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирсам, у зот беморликдан қийналаётган эканлар.

 «Эй Аллоҳнинг Расули, сиз беморликдан қаттиқ қийналмоқдасиз-ку?!» дедим.

«Шундай. Мен беморликдан сизлардан икки кишининг қийналганича қийналаман», дедилар.

«Сизга икки ҳисса ажр бўлиши учун шундайдир-да?» дедим.

«Шундай. Худди шундай. Қай бир мусулмонга бирор мусибат етса, бирор тикан кирса ҳам, албатта, Аллоҳ унинг сабабидан ўша банданинг ёмонликларини худди дарахт ўз баргларини тўкканидек тўкади», дедилар у зот» (Муттафақун алайҳ).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам беморликни бошқаларга нисбатан икки ҳисса оғир кечирган эканлар. Шундай ҳолатда ҳам сабр қилишни, Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлиш кераклигини бизларга таълим бериб, бемор ҳолатда  ҳам биз умматлар учун муборак ҳадисларини ривоят қилганлар. Саҳобалар  ҳаётида ҳам биз учун ўрнак бўладиган мисоллар жуда кўп. Қуйида улардан бирини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Шаддод ибн Авс ва Сунобиҳий розияллоҳу анҳумодан қилинади: 

«Улар бир бемор биродарларини зиёрат қилгани бордилар ва унга:

«Аҳволинг қандай?» дедилар. У киши: 

«Неъматнинг ичидаман», деб жавоб берди. Шаддод розияллоҳу анҳу дедилар:

«Гуноҳларинг мағфират қилиниши ва ҳатоларинг кечирилишидан хурсанд бўл. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Аллоҳ азза ва жалла айтади: «Агар Мен бир мўмин бандамни синасам, у синаган нарсам учун менга ҳамд айтса, ўрнида онасидан хатоларсиз туғилган кунидагидек бўлади». Робб табарока ва таоло: «Мен бандамни боғлаб қўйдим ва уни синадим. Бас, унга соғлом пайтида ажр берилганидек ажр ёзинглар!» деб айтади», деганларини эшитганман» (Имом Аҳмад ривояти).

Саҳобалар ҳеч бир ҳолатларида тақдирдан норози бўлмаганлар, улар неъматнинг ичида эканликларини эътироф этиб, ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳ таолодан рози эканликларини билдирганлар. Чунки улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал хулқларидан насиба олганлар…

Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларига беморликни уларнинг гуноҳларини ювиш учун қулай фурсат қилиб берган экан, биз ушбу фурсатни бой бермаслигимиз лозим.

Азиз диндошим, сизга беморлик етдими? Асло маҳзун бўлманг! Бу беморлик сизни неъматларга, ажру-савобларга олиб борувчи синов йўлингиз, гуноҳларингизни ювувчи раҳмат ёмғирингиздир. Дардларимиз сабаб бизга кўплаб савоблар ато этувчи, гуноҳларимизни мағфират қилиб, даражаларимизни юксалтирувчи, Ўзининг беҳисоб неъматлари билан сийлагувчи Роббимизга чексиз ҳамду саноларимиз бўлсин!!!

 

Жозиба Жамол қизи

                               Хадичаи Кубро ўрта махсусислом таълим 

муассасаси ўқитувчиси 

Мавзуга оид мақолалар
Шукр қил...Нафас олдингми, уни қайтариб чиқаришингга танинг Холиқидан рухсат кутади. Қанчадир лаҳза давоми...

08:00 / 02.02.2020 3606
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ижобат қилишига давоми...

07:00 / 01.04.2020 4569
КИМ ТАНИСА РАСУЛУЛЛОҲНИ...Фарқлаш зарур ҳар бир кишигаСавоб ила зарар, гуноҳни.Пухта эрур, билинг, ишигаКим давоми...

08:00 / 08.03.2020 2889
Aссалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.Ҳар бир кунимизни Ўзининг тоатибодати билан ўтказишимизни давоми...

22:04 / 21.05.2020 4808