Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазондаги амаллари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ азза ва жалла Ўз Китобида: “Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсангиз”, дея марҳамат қилди (Бақара сураси, 183-оят). Рўза Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларидан икки йил ўтиб, ҳижрий иккинчи сана, Шаъбон ойининг иккинчи кунида фарз қилинди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойини Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсага қаттиқ рағбат ҳамда дунёдан юз ўгириш билан кутиб олардилар. У зотнинг бу ойда солиҳ амаллар ва тоатларни ғамлаб олиш учун олдиндан нафсларини тайёрлашлари бунга далилдир. У зот Шаъбон ойидан бошлаб рўза тутишни кўпайтирар эдилар. Имом Муслимнинг Оиша розияллоҳу анҳодан қилган ривоятига кўра, мўминларнинг онаси розияллоҳу анҳо у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа бирор ойда Шаъбончалик кўп рўза тутганларини кўрмаганлар. Шу билан бирга у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларига Рамазоннинг келиши хушхабарини берар, унда жидду жаҳд қилишга рағбатлантирар, бу ойнинг фазилатлари, хусусиятлари ва унда уларга етадиган савоблар ҳақида сўзлаб берар, уларга рўза билан боғлиқ шаръий ҳукмларни таълим берар эдилар.

Рўза

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазонда қиладиган энг муҳим амаллари – Рамазон рўзасини тутиш эди. Зеро, бу – Исломнинг асосий беш рукнидан биридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг “Тонг пайтида оқ ип қора ипдан ажрагунча еб-ичаверинг. Сўнгра рўзани кечасигача батамом қилинг” (Бақара сураси, 187-оят) қавлини татбиқ қилиб, фажрдан аввал саҳарлик қилиб рўза тутишга ният қилар, сўнг қуёш ботгунча еб-ичишдан тийилар эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳарликни фажрдан аввал қилишни ўргатганлари учун уммат ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Саҳарлик қилинглар, саҳарликда барака бор” (Муттафақун алайҳ), деган сўзларини маҳкам тутиб, у зот алайҳиссаломдан кейин саҳарликни муҳофаза қилди.

Ифторга шошилиш ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан эди. Набий алайҳиссалом: “Инсонлар (кун ботиши билан) тезда ифторлик қилишса, доим яхшиликда бўлади”, деганлар (Муттафақун алайҳ).

Сахийлик ва эҳсон

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг карамлиси ва очиққўли эдилар. У зот алайҳиссалом фақирлар, мискинлар, етимлар, қариндошлар ва ҳожатмандларга сахийлик билан инфоқ қилар эдилар. Ворид бўлишича, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг кўп садақа қилувчиси бўлганлар, Аллоҳ йўлида берган бирор нарсаларини кўп деб билмас, бирор киши у зот алайҳиссаломдан бирон нима сўраса, у оз бўлса ҳам, кўп бўлса ҳам, бермай қўймас эдилар. Садақа ва ҳадя бериш улар учун энг маҳбуб ишлардан бўлган. Ҳамма вақт ҳам сахий бўлганларига қарамай, Рамазонда доимгидан-да қўллари очиқ бўлар эди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ инсонларнинг энг сахийси эдилар. Айниқса, Рамазонда Жаброил алайҳиссалом билан учрашганларида сахийликлари янада ортар эди” (Имом Бухорий ривояти).

Ғазот

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи ғазотлари Рамазон пайтига тўғри келар эди. Ибн Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Рамазонда ғазотга чиқар эдик” (Имом Муслим ривояти).

Эътикоф

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда қадр кечасини излаб эътикоф ўтирар эдилар. Бир марта биринчи ўн кунликда, яна бир марта ўртадаги ўн кунликда эътикоф ўтирганлари ривоят қилинган. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга қадр кечаси охирги ўн кунликда экани маълум бўлгач, то рафиқи аълога интиқол бўлгунларигача ўша кунларда эътикоф ўтирганлар. Ривоят қилинишича, у зот бир йили Рамазоннинг охирги ўн кунлиги эътикофини тарк қилганлар ва Шавволнинг биринчи ўн кунида унинг қазосини бажарганлар. Вафот этган йилларида Рамазоннинг йигирма кунида эътикоф ўтирганлар.

Қиёмул-лайл

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда тунларни қоим қилиб, намоз ўқирдилар. Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Ойша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар: “Пайғамбар алайҳиссалом масжидда одамлар билан қўшилиб намоз ўқидилар. Сўнг эртаси куни яна ўқидилар. Одамлар кўпайиб кетди. Кейин учинчи кеча одамлар жам бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқмадилар. Эрталаб бўлганда у зот: “Мени сиз билан чиқиб намоз ўқишдан фақат сизларга бу фарз бўлиб қолишдан қўрқув ман қилди”, дедилар”.

Яна бир ҳадиси шарифга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки Рамазон кечаларида иймон ва ихлос билан қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар (“Сунан” эгалари ривоят қилганлар).

Қуръон қироати

Рамазон – Қуръон ойи, дейилиши бежизга эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида Жаброил алайҳиссалом билан Қуръонни дарс қилар эдилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳнинг олдиларига ҳар тунда келар, бу ҳол Рамазон тугагунча давом этарди. Расулуллоҳ Жаброил алайҳиссаломдан Қуръонни ўтказиб олар эдилар” (Имом Бухорий ривоят қилганлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, энг мақбул қавлга кўра, ўн биринчи ҳижрий сананинг Робиъул аввал ойида вафот топганлари ҳисобга олинса, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам 9 йил Рамазонда рўза тутганлари келиб чиқади.

Манба
Мавзуга оид мақолалар
«Гўзал ўрнак» ЖАМИЯТНИНГ ГЎЗАЛ ЎРНАККА БЎЛГАН ЭҲТИЁЖИ Ҳар бир жамият ва ҳар бир шахс, эркак бўлсин, аёл давоми...

12:30 / 01.06.2017 3362
gallery linkfile sizelarge ids28735,28734,28736 orderbyrand Муборак Рамазони шариф муносабати билан Бисмиллаҳир роҳманир давоми...

06:18 / 01.06.2017 4393
Қуръон ёдлаш ва ёдлаганларини қайтариб туриш дастури Ушбу дастур Мадина мусҳафи ва унга мос келувчи давоми...

17:16 / 06.03.2017 4227
САВОЛ Бир дўстим бир қизга уйланмоқчи, бироқ отаонаси бунга қарши. «Агар ўша қизга уйлансанг. сени оқ давоми...

12:00 / 16.10.2016 3033