Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Мактуб
Тун зорланган ҳолда менга нидо қилаётган эди гўё! Унинг бу ноласи ҳаёт устунингнинг бир ғишти кўчди, деб айтаёгандек. Мудраган кечанинг уйғониш олдидан аста титраши гўё менга умр дафтарингнинг яна бир саҳифаси ўқилиниб бўлинди, деяётган эди. Бу дафтарнинг бирон саҳифасига дунёвий амаллар, ташвишлар, хурсандчиликлар билан бирга Аллоҳ розилиги учун қилинган холис амаллар ҳам ёзилганмикан?! Ўтмишга айланган ҳар бир саҳифасида Аллоҳ таоло ёхуд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун тўкилган кўз ёшлар, у зотнинг суннатларини тирилтирганимиз учун севинчдан порлаган кўзлар ёки бошқа шу каби номлар билан аталган бандлар бормикан?!
Бормикан ўзи шундай сатрлар бизнинг тарихга айланган саҳифаларимизда?!
Ё Расулуллоҳ!.. Биз Сизни гўзал хилқатингизга муносиб равишда таний олдикмикан?! Биз Сизни ожиз қалб дафтаримизга битилган ожизона чизгиларимиз ила таниймиз, холос… Аммо бизнинг бу ғарибона танишлигимиз “Сизни севамиз”, “Сизнинг шафоатингиздан умидвормиз”, “Сизнинг умматингизмиз”, дея дадил айтишга етарли бўла олармикан?!
Эй Расулуллоҳ! Биз асҳобингиз каби бу дунёда Сизни кўриш бахтига муяссар бўла олмадик. Бироқ суратингизни кўрмаган бўлсак-да, сийратингизда суратингизни чизиб, хаёлан Сизни кўришга уринамиз. Бизнинг бу уринишларимизни айб этмагайсиз.
Бизнинг қалбимиз ҳам асҳобларингиз муҳаббатларидек Сизга бўлган севги ила лиммо-лим бўлишини истаймиз. Сизга бўлган муҳаббатлари йўлида ҳар қандай олов, ҳар қандай таъна-ю дашномлар, қалбларига отилган тиконлар уларга таъсир ҳам қилмаган. Чунки улар Аллоҳ ва расулини чинакам бир муҳаббат билан севдилар. Уларнинг таналари нимта-нимта бўлса-да, Сизга бирон гард юқишини истамадилар.
Биз-чи?! Расулуллоҳга бўлган муҳаббатимизнинг исботи ўлароқ нималар қиляпмиз? Ёки бунга бефарқмизми?
Биз умматларингиз учун титраган қалб ва таналарингизга жавобларимиз борми ўзи?!
Эй Расулуллоҳ! Денгиз тубидаги чиғаноқ ўз инжусини сақлагани каби Сиз Исломни заррача гард юқтирмай, бизга етказиб бердингиз. Бизни кечиринг шу гўзал намуна билан яшай олмаётганимиз учун. Тўкилиб кетувчи киприк сингари арзимас нарсалар учун қилинадиган дилозорликларимиз Сизни яхши танимаганимиздандир. Агар ўша ҳолатимизга гувоҳ бўлиб турибсиз, дея ҳис қилганимизда балки биз Сиздан ҳаё қилиб сукут сақлаган бўлармидик?! Эҳтимол, Сизни яхши танимаганимиздандир бир-биримизни қалбан англамаётганимиз, биродаримизнинг дарди бизники эмаслиги…
Қачон тиканга эмас, гулга назар соламиз?! Қачон инсонларнинг айбларига эмас, фазилатларига боқамиз?! Сизнинг хулқингизга фақатгина ҳавас ила қараб, унда яшамаётганимиз бизнинг хатоимиздандир…
Бизни кечиринг, нураб ётган қалбимизни Сизга тортиқ қилишдан уяламиз. Тушларимизга киринг, деймиз-у, аммо Сизни кўрсак, Сизга айтадиган гапларимиз, дардларимиз борми ўзи?! Сизга айтмоқчи бўлган гапларимизни дуру-марваридлар, инжулар ила безасак-да, бу гапларимиз Сизга лойиқ бўла олармикан?!
Ёки сукутни афзал кўрамизми?!
“Сизни яхши кўрамиз”, деган гапларимизнинг далили сифатида қайси амалларимизни Сизга кўрсата оламиз?!
Сизнинг исмингизни эшитганда юракларимиз ёнмаса, кўзларимиз намланмаса, қандай қилиб севгингизни даъво қилишимиз мумкин? Сиз гўзал хулқларнинг энг олий намунасисиз, ё Расулуллоҳ!!!
Дардмандлар табибисиз, Сиз билан ечилмаган тугунлар ечилди.
Ё Расулуллоҳ, ҳасратлилар Сиздан тасалли олади.
Илинж ахтарганлар умидисиз, эй Саййидим!
Сиз етимларнинг саҳро қалбларига малҳам бўлган чашмасиз, ё Ҳабибим!!!
Сиз Аллоҳнинг энг гўзал саломини бизга илиндингиз. Сизнинг севгингиз бизни Аллоҳ севгисига олиб борувчи энг пок севгидир!!!
“Хадичаи Кубро” хотин-қизлар ўрта-махсус
Ислом билим юрти ўқитувчиси
Жозиба Жамол қизи