НАФСНИ ЖИЛОВЛАШ ЎРНИГА...
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рамазон ойида бутун ер юзига Аллоҳнинг баракоти ёғилиб туришига қарамай, ихтиёрий оч юришнинг, яъни рўза тутишнинг ҳикмати Аллоҳга бандаликни изҳор қилиш, оч-ночорларнинг аҳволини англаб етиш, ҳавойи нафсни синдириш, шайтонга қаҳр кўрсатишдир. Рамазонда рўза тутишдан мурод нафсни жиловлаш, унинг истакларини бажаришдан тийилиш, сабр-қаноат, итоат орқали Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, Унинг ажру мукофотларига сазовор бўлишдир. Рамазон рўзасини тутиш тош қотган қалбларни эритиш, муҳтожлар кўнглини олиш, саховат ва ҳимматни янада кучайтириш, худбинлик, жоҳилликни тарк этиб, унинг ўрнини меҳр, тавозеъ ва ҳалимликка бўшатиб бериш, демакдир. Рўза тутишдан мурод нафсни тарбиялаш, очлик ва ташналикка чидаш, шу йўл билан буюк Парвардигорга бандаликни изҳор этишдир.

Аммо ифторликларимизга ва саҳарликларимизга бир назар солинг: нафсни жиловлашни эмас, унинг бошвоғини тўла қўйиб юборишни, қаноату хокисорликни эмас, исрофгарчилик, сабрсизлик ҳамда фахрни кўрасиз. Аждодлар ифторлик ва саҳарликда кўпинча бир бурда нон, бир ҳовуч хурмо ҳамда бир-икки пиёла сув билан қаноатлангани ҳолда уларнинг авлодлари бугун маишатбозликда, кўп ва хўб истеъмол қилишда, етти-саккиз хил таом ейишда бир-бирлари билан мусобақага киришган. Илгари мен Рамазонда фалон кило озибман, деб қувониб юрганларнинг фарзандлари рўзадан қорин қўйиб, савлатдор бўлиб чиқишяпти.

Ифторлик, саҳарлик дастурхонларимизни кўрган одам рўза тутганимизга мутлақо ишонмайди. Кўпинча ифторликка бир-биридан мазали тўрт-беш хил иссиқ таом, турфа салатлар, бир неча хил пишириқлар, қанд-қурс, писта-бодом, анвойи мева-чевалар (ҳатто банан, ананас, пўртахол, киви каби хориждан келтирилганлари ҳам бор) тортилаётгани ҳам сир эмас. Таклиф қилган одамларимиз кўплигидан ифторликларимиз уй-хонадонга сиғмай, ресторан ва тўйхоналарга кўчмоқда. Кун бўйи оч-наҳор юрган одамнинг кечга бориб бирданига шунча нарсани қоринга жойлаши қанчалар зарар келтириши ҳақида бир ўйлаб кўринг. Кундузи емаганларимизнинг, ичмаганларимизнинг ҳиссасини кечга бориб бир неча баробар қилиб чиқариб юбориш рўза тутишнинг ҳикмати ва моҳиятига мос келармикин? Ахир, нафсни жиловлаш, уни тарбиялаш фақат оғиз берклигида эмас, оғиз очар пайти-ю саҳарликда ҳам давом этиши керак-ку!

Шундай улуғ-фазилатли ойда айрим мусулмонларнинг (ҳа, айнан мусулмонларнинг!) бемалол ароқ ичиб юришганига, майхўрликларини тўхтатмаганига нима дейсиз? Туғилган кун, гап ейиш ва бошқа маросимларнинг «ифторлик» номи билан ўтказилаётганига, уларда ифторлик дастурхонига «шайтон суви» ҳам тортилаётганига-чи?! Имомлардан бирининг ҳикоясига қараганда, пойтахтдаги бир хонадонда фарзандларининг туғилган куни муносабати билан уюштирилган зиёфатга «ифторлик» номи билан одамларни таклиф этишибди. Маҳаллани алоҳида, улфат ва ҳамкасбларни алоҳида дастурхонга ўтқазишибди. Кейингиларига чойнакларда ароқ тортилибди. Покиза ифтор дастурхонида ҳаром ароқнинг айланишини нима деб номлашга сўз ҳам тополмадик.

Мавзуга оид мақолалар
РЎЗА ВА САЛОМАТЛИК Рўзанинг инсонга келтирадиган фойдалари ҳақида гап кетар экан, унинг инсон давоми...

11:34 / 08.02.2017 4373
   Бидъатхурофот амаллар халқ ичида тeз тарқалади, чунки ҳақ нафсга оғир келади, ботил эса нафсга енгилдир. давоми...

15:06 / 02.06.2018 3468
Мурид беодоблик қилганда бунинг иқоби кечикса, «Агар бу беодоблик бўлганда У Зот мададни кесар ва мени давоми...

11:09 / 26.06.2019 3879
embedhttpsyoutu.beMk35RjH6nmEembed

17:49 / 10.03.2018 4158