САФИЙЯ БИНТИ ҲУЯЙ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сафийя онамизнинг оталари исми: Ҳуяй ибн Ахтаб ибн Саъяҳ ибн Саълаба ибн Убайд ибн Каъб ибн Хазраж ибн Абу Ҳабиб ибн Назийр ибн Ниҳом ибн Нохум.

Оналарининг исми: Барраҳ бинти Симваал ва у Рифоъа ибн Симваал саҳобийнинг синглисидир.

Сафийя розияллоҳу анҳо ҳижратнинг 7 (милодий 628) йили Ҳайбар куни Исломни қабул қилдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам худди шу йили олтмиш ёшларида Сафийя розияллоҳу анҳога уйландилар.

Ривоят қилинишича, меҳрибон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафийяга уни озод қилиб, аҳлига кетиши ёки ўз ҳузурларида қолиши ихтиёрини берган эдилар. Бу мўътабар аёл ҳам бундайин яхшиликка ўзига яраша жавоб қилиб, Аллоҳ ва Унинг расулини ихтиёр этди. У Исломни танлаганини эълон қилди ва ўзининг Исломга нисбатан қадимдан бўлган муҳаббатини изҳор этди. Шунингдек, бу буюк Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган ихлосу ҳурмати устун бўлиб, ўз қавми ва аҳлига  қайтишдан воз кечди.

Иброҳим ибн Жаъфар ўз отасидан ривоят қилиб айтадики: «Сафийя Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келганида унга у зот айтдилар: «Сизнинг оғангиз то ўлгунига қадар яҳудийлар ичида менга энг ашаддий душманлардан бўлиб ўтди». Шунда Сафийя айтди: «Ё Расулуллоҳ! Ахир Аллоҳ таоло ўз китобида «Қиёмат кунида ҳеч бир гуноҳкор жон ўзга жоннинг гуноҳини кўтармас», деган-ку!» Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки: «Сизнинг ихтиёрингиз ўзингизда, агар Исломни ихтиёр этсангиз, мен сизни олиб қолурман, агар яҳудийликни танласангиз, озод қилишим  мумкин ва сиз ўз қавмингиз ҳузурига қайтурсиз». Сафийя шундай деди: «Ё Расулуллоҳ, мен сизнинг қавмингизга келганимдаёқ, сиз мени даъват қилмасингиздан илгари Исломга муҳаббат қўйдим ва сизни  тасдиқ этдим. Энди менинг яҳудийликка ҳеч қандай эҳтиёжим йўқ ва у ерда менинг на отам, на акам бор. Сиз менинг куфрга қайтишим ёки Исломда бўлишимга ихтиёр бердингиз. Менга озод бўлишим ҳамда қавмим ҳузурига қайтишимдан кўра Аллоҳ ва Унинг расули маҳбуброқдир».

Шундан сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафийяни ўз ҳузурларида олиб қолдилар. Сафийя бу жавоблари билан иймонлари бақувват, ўткир зеҳнли ва олийжаноб аёл эканликларини исботладилар.

Аммо бу онамизнинг оталари ҳаётининг охиригача Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга душманлик қилиб ўтди. Қуръони карим уларнинг нақадар хатарли эканликларидан огоҳлантириб, ҳақиқий қиёфаларини тўла баён этган. Аллоҳнинг яратганини ҳеч ким ўзгартира олмайди.

Сафийя бинти Ҳуяй розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўнта ҳадис ривоят қилдилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу аёлга уйланишларида кўп улуғ ҳикматлари бор, буни фақат ақл ва тафаккур соҳибларигина тушуниб етадилар.

Сафийя бинти Ҳуяй онамиз ҳижратнинг 50 (милодий 661) йилида Мадинаи мунавварада вафот этдилар. Ўзларидан Оиша бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳога минг динорни васият қилиб қолдирдилар. Улар Бақиъ қабристонига, бошқа оналаримиз ёнларига дафн қилиндилар.

 

Манбалар асосида

Тожиддинов Абдуссомад

Абдулбосит ўғли тайёрлади.

   
Мавзуга оид мақолалар
Саломатликни сақлашда магнийнинг муҳим ўрни борлигини бугун ҳаммамиз биламиз. Вужудимизга айнан қайси давоми...

01:21 / 16-fevral 1342
НАВОИЙНИ БИЛМАГАН ЎЗБЕК ЎЗБЕКМИ Бу гулшан ичраки, йўқдур бақо гулига сабот, Ажаб саодат эрур, чиқса яхшилик давоми...

06:24 / 10.02.2017 3677
Ислом тинчлик дини         Ислом динини ниқоб қилиб, манфур ишларни амалга ошираётган мутаассиб кучлар давоми...

11:21 / 14.03.2017 4074
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим «Ва Сулаймон подшолигида шайтонлар тиловат қилган нарсага эргашдилар. Сулаймон давоми...

06:58 / 09.11.2017 4911