МАЙМУНА БИНТИ ҲОРИС
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маймуна бинти Ҳорис розияллоҳу анҳонинг оталари исми: Ҳорис ибн Ҳазн ибн Бужайр ибн Ҳазм ибн Рувайбаҳ ибн Абдуллоҳ ал-Ҳилолийя ал-Оъмирийя. Маймуна бинти Ҳорис розияллоҳу анҳонинг оналари исми: Ҳинд бинти Аъвф ибн Зуҳайр ибн Ҳаммаатоҳ ибн Жарш. Маймуна розияллоҳу анҳо ҳижратдан олдин (милодий 594 йили) туғилганлар. Ҳижрий сананинг еттинчи йили охирларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маймуна бинти Ҳорис розияллоҳу анҳога уйландилар. Бу муборак турмуш Маккаи мукаррамада Умратул Қазо арафасида бўлган эди. Бу онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйланган аёлларнинг охиргисидирлар. Маймуна розияллоҳу анҳо ўзларининг тақводорлиги ва серибодатлилиги билан машҳур эдилар. Оиша розияллоҳу анҳо улар ҳақларида: «Маймуна бизнинг орамиздаги Аллоҳга энг тақводорроғимиз ва қариндошлар билан алоқаси энг кўпроғимиз эди», дейдилар. Маймуна розияллоҳу анҳо ва уларнинг опа-сингилларининг иймонлари бақувват эканига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари гувоҳлик берганлар. Табук жангида Маймуна розияллоҳу анҳо мужоҳидлар сафида туриб ярадорларга ёрдам кўрсатар, беморларга ҳамдардлик билдирар ва Аллоҳ йўлида ҳақиқий ҳаракат қилар эдилар. Ривоят қилинишича, бу онамиз биринчи бўлиб аёллардан «Тез ёрдам» гуруҳини тузгандилар. Улар жароҳатланганларга малҳам қўйиб, шараф ва каромат майдонида жанг қилаётганларга керакли кўмакларни етказишни йўлга қўйганлар. Шундай жангларнинг бирида Маймуна розияллоҳу анҳо ярадорларга сув тарқатиб юрганларида уларга душман ўқи тегиб, яраландилар. Бироқ Аллоҳнинг инояти ва меҳрибонлиги ила ўлимдан омон қоладилар. Маймуна розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббос розияллоҳу анҳунинг хотинлари Лубобаи Кубронинг синглиси, Абдуллоҳ ибн Аббоснинг холаси эдилар. Аллома Муҳаммад Рашид Ризо шундай дейдилар: «Ривоятда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари ўз хотини Лубобаи Кубронинг синглиси Маймунани олишга у зотни тарғиб қилди ва Маймуна розияллоҳу анҳонинг розилиги ила уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб берди. Агарда ҳазрат Аббос жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маймуна розияллоҳу анҳога уйланишларида улуғ мақсадлар, кўп фойдалар бўлишини билмаганида эди, ўз хотинини рози қилиш учунгина Набий алайҳиссаломга унинг синглисини олиб бермас эди». Маймуна розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 76 та ҳадис ривоят қилдилар. Ҳижрий 51 (милодий 673) йилда Маймуна бинти Ҳорис розияллоҳу анҳо Маккаи мукаррама зиёратига бориб қайтаётганда вафот этдилар.                                                                                      Манбалар асосида                                                                                     Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли тайёрлади

Мавзуга оид мақолалар
Баъзан намозга турганимда бурним қичийди. Кейин қорним ғулдирайди. Деразадан ниманингдир товуши эшитилади. давоми...

06:18 / 27.03.2019 3471
Ҳаммамиз китоб ўқишнинг фойдали эканлигини эшитганмиз. Лекин унинг фойдалилиги айнан нимада1. Мутолаа давоми...

17:30 / 14.09.2023 1464
Дилфуза КОМИЛ Иш билан банкка бориб, бугунги кунимизнинг фожеасини шундоқ кўрсатиб берган бир ҳолатга давоми...

16:00 / 02.12.2019 2668
Одинахон Муҳаммад Содиқ Учоқ манзилга ина бошларкан, кўзим тўлиб, ойнадан пастга қарадим. Юрагим давоми...

16:12 / 30.11.2017 4295