Болакайнинг дуоси
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

   Кичик бир болакай денгиз бўйида кўзларини бир нуқтага тикиб ўтирарди. Бир соатдан бери ўтирган бу боланинг ҳоли яқин жойда ўтирган бир қариянинг диққатини ўзига тортди. Қария боланинг ëнига бориб: — Ҳа, ўғлим, хорманг. Бугун денгиз жуда ҳам чиройлими-а? – деди. Болакай қарияга қарамасдан: — Лекин бугун шамол бор, деди. Коптогим денгизга тушиб кетиб, шамол билан анча узоққа кетиб қолди. — Агар ëш бўлганимда, сузиб бориб коптогингни олиб берардим,– деди боланинг ëнига ўтирган қария. Бола жавоб бермади. Кўз олдидан узоқлашиб кетаëтган коптогига қараб ўтиришда давом этди. Қария сокин овоз билан: — Умидингни ҳеч қачон сўндирма. Менимча, дуо қилсанг, яхши бўлади,– деди. Бола қувонч билан: — Дуо қилсам, коптогим қайтиб келадими?– дея сўради. — Агар Аллоҳ истаса, қайтиб келади. Агар қайтиб келмаса ҳам, дуоларингнинг савоби сенга етади. Болакай қариянинг гаплари ҳақида озгина ўйланиб, орқасидан бувасидан ўрганган дуоларни ўқий бошлади. Кейин коптоги қайтиб келиши учун Аллоҳдан ëрдам сўради. Лекин бу унинг дардига дармон бўлмади. У коптокни олиш учун узоқ вақт ҳаракат қилган, ҳатто байрамда олган пулларини ҳам копток учун асраб қўйган эди. Ҳозир копток қайтиб келишига биргина имконият шамолнинг ўз йўналишини ўзгартириши эди. Лекин денгиз катта, копток эса кичик. Кечга яқин ҳаво ўзгарди. Қуëш ботиши арафасида балиқчилар денгиздан қайта бошлади. Уйига коптоксиз кетишни истамаган болакай қария билан бирга ўтириб балиқчиларни кутарди. Қария балиқни ҳар доим Карим балиқчидан харид қиларди. Кўзи билан Каримни излаб топган отахон: — Овингиз бароридан келган бўлса керак, иншааллоҳ,– деди. Карим балиқчи ëнидаги қутига ишора қилиб: — Бу сафар балиқ оз, – деди. — Дуо қилмадингизми?– дея гапга аралашди болакай. Умидингизни асло йўқотманг! Карим балиқчи болакайнинг бошидан силаб: — Дуо... Дуо қилсам, балиқ тутаманми?– деди. — Тута олмасангиз ҳам, дуоларингизнинг савоби сизга етади. Мен ҳозиргина ўргандим буни. Карим балиқчи бу гапни биринчи маротаба эшитаëтган эди. — Мен ҳам энди ўргандим. Буни менга кичкина ўқитувчи ўргатди,– деди балиқчи. Бу гапларни эшитиб болакай жуда қувонди. Копток унинг эсидан ҳам чиқиб кетган эди. Балиқчи кемасига қайтиб чиқди ва қўлига бир копток олди. Уни болакайга узатиб: — Ўқитувчиларнинг хаққини адо этиш қийин. Бу коптокни денгиздан топиб олдим,– деди. Болакай худди туш кўраëтгандек эди. Кутилмаган нарсалар бўлаëтган туш. Атрофга қаради. Ҳаммаси ҳақиқий. Балиқчи ҳам, кема ҳам, қария ҳам... Копток қўлида. Уни қаттиқ қучоқлаб, кўзларида ёш билан Аллоҳга ҳамд айтди ва яна дуо қиларди...
Интернет материаллари асосида тайёрланди
 
 
Мавзуга оид мақолалар
 Абу Бакр розияллоҳу анҳудан «Роббингизни қандай танидингиз», дея сўралганида шундай жавоб қилган эканлар давоми...

01:24 / 12.12.2016 4541
  Тарихдан отинойи атамаси Ўзбекистон ҳудудларида турли жойларда турлича номланиб келинган. Хусусан, давоми...

08:21 / 28.07.2018 6828
 Марям исми Қуръони Каримда исми зикр қилинган ягона аёл кишининг исмидир. Бошқа аёллар ҳақида сўз кетганда давоми...

09:45 / 10.08.2018 3611
      Бугунги кун инсонининг энг катта ва бирламчи муаммоси вақтни бошқара олмай, уни тўғри давоми...

07:18 / 04.03.2017 3673