Ёмонликлар онаси ҳақида
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ёмонликлар онаси ҳақида

Қуръони Каримнинг «Ал-Исро» сураси 32-оятида: «Зинога яқинлашманглар! Чунки (бу) бузуқликдир — энг ёмон йўлдир», — дея амр этилган. Бундан зино тугул, унга мойил этувчи йўлларга ҳам мутлақо яқинлашмаслик зарурлиги уқдирилганлигини англаш мумкин. Демак, Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни барча фаҳш ишлар ва фосиқ йўллардан қайтишга буюрган. Қарангки, зинога олиб борувчи фаҳш ишлардан бири — гуноҳи кабиралардан ҳисобланувчи бадмастлик экан. Буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг қуйидаги байтларида оламжаҳон ҳикмат бор. Бадмастга дамодам ичмоғидин не баҳр, Ки одамийлик қатлига ичар қадаҳ — қадаҳ заҳр. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Шароб хабоис — бутун ёмонликларнинг онасидир. Мастлик берувчи ҳар қандай нарса шароб ҳукмидадир. Маст қилувчи нарсанинг кўпи ҳам, ози ҳам ҳаромдир», — деганлар. Шунингдек бошқа бир ҳадиси шарифда: «Шароб ичишдан сақланинг, чунки у барча ёмонликларнинг калити, манбаидир», — дейилган бўлса, яна бирида: «Мендан кейин умматим шароб исмини ўзгартириб ичади. Бунга умароси, ҳокимлари ёрдамчи бўлади», — дея таъкид этиб ўтганлар. Бугунги кунда кишини бадмаст этиб, ақлу ҳушидан мосуво этувчи гуноҳи азимларнинг қуйидаги турлари кўп учрамоқда:

I Алкоголизм, яъни спиртли ичимликлар (ароқ, коньяк, вино (шароб), пиво ва бошқалар)га ружу қўйиш туфайли келиб чиқадиган ҳолат. Бўза (қимиз) ҳам кайф берувчи ичимлик эканлигини кўзда тутсак фойдадан холи бўлмайди.

II Наркомания, яъни наркотик моддаларга ружу қўйиш ҳолати асримиз вабосига айланди. Одатда қонун бўйича наркотик эканлиги таъкидланган модда ёки дориворларни тиббий кўрсатмасиз қабул этиш ҳолати, наркомания деб аталади. Бугунги кунда наркоманиянинг кўплаб турлари мавжуд эканлиги қайд этилмоқда:

а) морфинизмда олийсимон моддалар ҳисобланувчи, табобатда оғриқ қолдириш ва наркоз учун қўлланиладиган дориворларга ружу қўйилади; б) гашишомания халқ орасида нашавандлик, бангилик ҳам деб аталади. Бунда марихуана наркотик моддасини чекиш одат қилинади. Наша, банг ҳам деб аталувчи бу моддани гоҳида наркоманлар чайнаш ёки ичимпикларга қўшиб истеъмол қилишлари ҳам мумкин. в) кокаиномания — кокаин (ёки героин) каби синтетик наркотик моддалар қабул қилинадиган ўта хатарли, тезда ўргатиб қўювчи наркомания тури ҳисобланади. Кокаин моддаси томир ичига юборилиши ёки кукуни ҳидланиши ва ичга тортилиши мумкин. Бу одатларнинг интиҳоси фожеали экинлигини асло унутмаслик жоиз. г) героиноманияда эса энг хатарли наркотик — героинга ўрганилади.
III Токсикомания — наркотик ҳисобланмайдиган моддаларни қабул этиб, кайф қилиш ҳолати. Токсикоманиянинг қуйидаги турларини тафовут этиш мумкин:
а) ухлатувчи дориворлар, яъни барбитуратлар гуруҳига ружу қўйиш билан ифодаланувчи токсикомания; . б) лекомания, яъни транквилизатор, нейролептик ва антидепрессант дориворларни суиистеъмол қилиш натижасида вужудга келадиган токсикомания; в) психомиметик дориворларни суиистеъмол қилиш натижасида пайдо бўладиган токсикомания. г) никотинли токсикомания эса папиросга ружу қўйишнинг натижаси эканлиги барчамизга маълум. д) стимуляторлар, амфетаминлар ва кофеинни кўп миқдорда қабул қилиш натижасида вужудга келадиган токсикомания тури ҳам сиҳатга жиддий путур етказади.

Унутмаслик лозимки, ҳаётимиздаги одат тарзига кирган қуйидаги ҳоллар ҳам токсикомания кўринишларидандир:

1. Ақлий меҳнатда ишлайдиганларнинг аксариси қаҳвага ўта ружу қўйганликлари хатарли, қусурли ҳолдир. 2. Аччиқ чойга ўрганиш, айримларнинг «чифир» этиб, яъни бир чойнакка қутидаги барча чойни солиб ичишлари ҳам токсикоманиялиги шубҳасиз. 3. Носвойга ружу қўйиш ҳам токсикоманиянинг кўриниши эканлигини англамоғимиз лозим.

Юқорида кайф берувчи моддалар ҳақида муфассалроқ тўхталганлигимиз бежиз эмас, албатта. Чунки Фахри Коинот Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифда:«Кайф берувчи ҳар қандай нарса шаробдир ва кайф берувчи ҳар нарса ҳаромдир. Кимки дунёда шароб ичиб, бунга ўрганиб, одатланиб ўлса, охират шаробларидан ичмайди (яъни жаннатга кирмайди)», — деганлар. Ичкиликбозлик — ҳар қандай кишининг ҳам соғлиғига путур етказувчи, не-не оилаларни бузувчи, келажак авлод саломатлигига зиён келтирувчи даҳшатли офат. Зеро, буюк олмон адиби Ҳ. Гёте таъкидлаганидек: «Инсоният агар бу қадар сархуш бўлмаганида эди, ақл бовар қилмас ютуқларни қўлга киритишга қурби етарди». Ичкиликбозлик хасталикларнинг жуда ҳам кўпчилигига пойдевор вазифасини ўтайди. Дарҳақиқат, «Бода ҳар бир бошга кириб келган дам, ақл ундай бошдан узади қадам» (К.Биноий). Шу боис бўлса керакки, жинсий йўл орқали юқувчи касалликларнинг 90 фоиздан зиёдроғи бадмастлик пайтида юқтирилар экан. Дарҳақиқат, мастлик ҳукмрон жойга бошқа фалокатлар ҳам ташриф буюриши шаксиз. Юқоридаги ҳадисларга монанд тарзда ичкиликнинг номини ўзгартириб, унинг шифобахшлигига кафил бўлувчи кимсалар пайдо бўлаётганлиги ачинарли ҳолдир. Шу руҳдаги айрим эътирозларни эътиборингизга ҳавола этиб, уларга фикри ожизимиз доирасида жавоб беришга ҳаракат қиламиз. Замондош профессор шифокорлардан бири давраларда ичкиликни қуйидагича ташвиқ этишга одатланган: «... Ҳеч кимга сир эмас, ҳозирги кунда касалликларнинг аксари турлари асабийлик, сиқилиш, яъни стресс натижасида вужудга келмоқда. Замонавий тиб илми, алкоголни муттасил тарзда кичик миқдорда истеъмол қилиш,аввало, сиқилишнм йўқотади ва касаллик келиб чиқишининг олдини олади, дейди. Қолаверса, юрак-қон, асаб, ошқозон-ичак тизимидаги айрим хасталикларнинг олдини олиш учун ҳам соф, кичик миқдордаги алкогол қўл келади-ку. Муқаддас китобларда ичкиликнинг нафақат зиёни, балки фойдаси ҳам борлиги таъкидлангани рост эмасми?» Афсуски, замонамизнинг аксари шифокорлари шундай фикр қилишади. Ҳаттоки, бу борада бир ҳамкасбимиз илмий иш ёқлаган. Аллоҳнинг ўзи барчамизни тўғри йўлдан адаштирмасин. Энди юқоридаги эътирозга назар ташлайлик. Дарҳақиқат, касалликларнинг келиб чиқишида асабийлик, яъни стресс ҳолатининг ўрни беқиёс. Бугунги кунда стресс ҳолатининг кўпайиб кетганлигига асосий сабаб қаноат ва шукроналик ҳисларининг йўқолиб, маишат ва бойлик ортидан қувиш одатий тусга кирганлигидир. Шукроналик, сабр-қаноат мавжуд жойда ҳаловат қарор топиб, стрессга асло ўрин қолмайди. Ҳаловатни эса ибодатдан топиш мумкин, бунинг учун ҳаром ичкилик ичиш нодонликдан ўзга нарса эмас. Намоз, дуо каби ибодатлар эса самарали даво – аутотренинг услуби эканлиги мутлақ ҳақиқат-ку. Дарҳақиқат, Қуръони Каримда дастлаб қуйидагича марҳамат қилинган. «Сиздан арақ (ичкилик) ва қимор хақида сўрайдилар. Айтинг: Буларда катта гуноҳ ва одамлар учун фойдалар бор. Буларнинг гуноҳи фойдасидан каттароқдир». («Бақара» сураси 219-оят). Ушбу сурада Исломгача бўлган даврда бундай иллатлар одамлар ҳаётига чуқур сингиб кетганлиги кўзда тутилганлиги боис улар дафъатан ҳаром қилинмаган. Бу қусурларнинг «зиёни филча, фойдаси эса қилча» эканлигини мўминларга уқтириб, уларнинг қалбини «тарки одат, амри маҳолдан» халос этиш йўли тутилган. Афсуски, айримлар бугунги кунда ҳам «фойдали нарсалар бор» жумласини дастак қилиб олишган. Аслида эса кейинчалик қуйидаги оят нозил бўлиб, мусулмонлар бу иллатларнинг асл баҳосидан бохабар этилган. «Эй мўъминлар, арақ (маст қиладиган ичкилик ичиш), қимор (ўйнаш), бутлар (яъни уларга сиғиниш) ва чўплар (яъни чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, нажот топишингиз учун уларнинг ҳар биридан узоқ бўлингиз. Ичкилик, қимор сабабли шайтон ўрталарингизга буғзу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос. Энди тўхтарсизлар?!» («Моида» сураси 90-91-оят). Демак, юқоридаги иллатларнинг кони зиёнлиги шубҳасиздир. Зеро, Жаноби Хақ билгувчидир! Шаробхўрликнинг зарарли таъсирини минглаб ногирон туғилаётган бегуноҳ гўдаклар тимсолида кўриш мумкин. Ичкиликнинг заҳри барча аъзоларга, жумладан, эркаклар уруғига ҳамда аёллар тухумдонига ҳам ўтади. Натижада, уруғланган тухум ҳужайра кўпинча нуқсонли бўлиб, бола нимжон ва касалманд туғилади. Фарангистон олимларининг тадқиқотларига қараганда, у ердаги ўлик ва ногирон туғилаётган болаларнинг қарийб 85 фоизи узум ҳосили байрамларидаги ичкиликбозлик даврида пайдо бўлган ҳомилалардан экан. Булғор олими Г.Ф. Ефремов кузатган 23 ароқхўр — ҳомиладор аёлларнинг 15 нафари ўлик, 8 нафари эса ногирон фарзанд туғишган. Аниқланишича, аёл киши 3-4 йил давомида муттасил ичкиликбозлик билан шуғулланса, зурриёт кўриш бахтидан, умуман, бебаҳра бўлар экан. Абу Али ибн Сино: «Шароб заҳарларнинг биридир», — дея бежиз таъкидламаган. Фарангистонлик шифокор Деммэ 28 йил давомида эр ҳам, хотин ҳам ичкиликка муккасидан кеттан ўнта оилани кузатган. Шу даврда бу оилаларда 57 та бола туғилиб, уларнинг 25 нафари бир ёшга етмасданоқ нобуд бўлган, 5 таси тутқаноқ касаллигига чалинган, яна 5 тасида бош мияда сув йиғилиш дарди кузатилган, 12 таси эса телба бўлган. Фақат 10 нафаригина ташқи кўринишдан соғлом туғилган. Даҳшат! Спиртли ичимликларда фойда борлигини таъкидлаётган айрим муҳтарам шифокорлар, аввало, Яратганга қарши бораётганликларини, қолаверса, беморларини ҳалокат жарига йўллаёттанликларини англасалар, фойдадан холи бўлмас эди. Қуйида бир беморимизнинг тақдирига тўхталишни лозим топдик: «...Ёшим 31 да. Тоғ бағридаги қишлоқда туғилиб ўсганман. 22 ёшимда уйландим. Оилам билан икки йил яшаб, бир фарзандли бўлсак-да, муросага келишмай, ажрашиб кетдик. Аввалига ич-ичдан рафиқамнинг феъл-атворидаги бироз қўрслик оиламиз бузилишига сабаб бўлди, деб ўйлаб юрар эдим. Сўнгра англасам, аёлимни ҳечам қониқтирмай, тез бўшанишим асл сабаб экан. Чунки собиқ турмуш ўртоғим ўзидан ўн икки ёш катта, аёли вафот этган бир киши билан оила қуриб кетди. Кейинчалик уни тасодифан учратганимда, юзидан турмушидан шод эканлигини илғадим. Бир неча йил ўтгач, оиласи бузилган жувонга уйландим. Аммо у кўп ўтмасдан заифлигимни, шаҳватни ўта тез тўкишимни юзимга солди. Ҳаётимда ичкиликни оғзига олмайдиган одам, тўйиб ичдим. Шунда, жинсий алоқа муддатининг кескин узайганини, аёлим лаззат топганини сездим. Шундан сўнг кунига ичишни одат қилдим. Оиламдан файз-барака кетди, негадир жинсий қобилиятим янада сусая борди. Бир давра суҳбатида кўкнорининг кони фойда эканлиги хақида эшитиб қолган эдим. Энди ароқ билан кифояланиб қолмасдан, кўкнорига ружу қўйдим. Назаримда, қувватим кучайгандек эди. Аммо кўп ўтмай, бу билан ҳам кифояланмай қолдим. Бир неча шериклар топиб, томирга дори юборишни одат қилдим. Оқибатда аёл кишига бўлган рағбатим буткул йўқолди. Иккинчи оилам билан ҳам ажрашганман, энди қайта уйланишни хаёлимга хам келтирмайман. Фикру зикрим кундалик кайфни тотишда...» Ушбу фожеавий тақдир ҳақида мушоҳада қилиб, оддий дардни ўз билганича даволаб, ҳаром, кони зарар моддаларга ружу қўйиш ҳалокат жарига қулатиши муқаррарлигини яна бир карра англасангиз, ажаб эмас. Кўпчилик ичкилик эркаклар жинсий фаолиятига ижобий таъсир қилади, деб ўйлайди. Дарҳақиқат, айрим кишиларда ичганларидан сўнг дастлабки пайтларда жинсий алоқа муддати узайиши мумкин. Аммо бу саробий — вақтинчалик бўлиб, кейинчалик ичиш туфайли авваллари мавжуд бўлган қўзғалиш ҳам аста-секин йўқолиб боради. Натижада, бундай кимсаларнинг аксарияти мижоз сустлиги дардининг оғирроқ турларига гирифтор бўлишади. Унутмаслик лозимки, спиртли ичимлик ёки наркотик истеъмол қилиш воситасида жинсий қобилиятни кўтариш ҳақидаги ўй-фикрлар, албатта, акс самара беради. Юқоридаги бемор текширилганда, унда сурункали простатит ҳамда колликулит, яъни простата бези ва уруғ дўмбоқчасининг яллиғланганлиги маълум бўлди. Бемор бу дард билан шифокорга ўз пайтида мурожаат қилганида, албатта, даволаниши тайин эди. Аммо ароқхўрлик, бангилик бу дарднинг янада ривожланиб, асоратланишига олиб келган. Ҳозирда эса бу йигитнинг асосий муаммоси  наркомания гирдобидир. У аёл киши ҳақида ўйламай ҳам қўйган ва инсонийлик ҳисларидан деярли мосуво бўлган. Ҳазрат Махтумқулининг қуйидаги ашъорида шундайлар кўзда тутилган бўлса, не ажаб:

Эркаклари чекар, ётар, Хотинлари кўча кезар, Кўча кезса, кеча кезар Қиёмат яқинлашганда.

Дарҳақиқат, юртимизни истило қилган, душманлар ҳам миллатнинг ўзлигини йўқотиш услуби сифатида оммани маишат, ароқхўрлик гирдобига чўктириш лозимлигини тўғри англаб, тадбиру амаллар қўллашган. Бу хақда уларнинг ўз иқрорлари ҳам мавжуд, 1929 йилда Москвада нашр этилган П.Г.Гамузоннинг «Туркистон — колония» асарида бу ҳақда ёрқин маълумотлар келтирилган. Жумладан, Туркистон ўлкаси генерал губернаторининг 1908 йили Ўрусия ҳарбий вазирига юборган мактубидаги баъзи сатрларга назар ташлашимиз кифоя: «Шуни унутмаслик керакки, биз Ўрта Осиё халқлари орасига европача маданиятнинг ҳар хил салбий жиҳатларини ҳам олиб кирдик. Азалдан фақат шаҳарларда жойлашган пивохона, ресторан, бангихона ва фоҳишахоналар энди ҳаттоки каттароқ қишлоқларда ҳам кенг кўламли фаолият кўрсатмоқда. Маҳаллий ёшлар ушбу кўнгилхушликларга муккасидан шўнғиб кетишиб, Шарқ урф-одатлари ва Қуръоннинг адолатли қонунларини қулоқ эшитмаган тусда бузишгача етиб боришмоқда. Натижада, маҳаллий ёшлар орасида қотиллар, ўғрилар, бузуқи ва безорилар пайдо бўлишди ». Юқорида «ёмонликларнинг онаси» бўлган кайф берувчи ҳаром нарсалар ҳақида имкон қадар тўхталдик. Ишончимиз комилки, гуноҳи кабиралардан бўлган ушбу иллатдан қанчалар йироқлашсак, фаҳшнинг бошқа кўчаларидан ҳам шунчалик четда бўламиз, иншаааллоҳ! Алкоголизм, наркомания, токсикомания каби иллатлар маҳсули бўлган дардлар бугунги кунда жаҳон оммаси ва табобат соҳаси олимлари учун энг катта муаммога айланганлиги ҳеч ким учун сир эмас. Зеро, Аллоҳ улуғ ва билгувчидир!

Мавзуга оид мақолалар
Сентябрь, янги ўқув йили барча ўқувчилар учун ҳар йили бир олам ҳаяжон билан бошланади. Биринчи синфга давоми...

21:00 / 22.08.2019 3051
Муслималар ҳижобда ўзларини «ҳимояланган», «хавфсиз» ва «муҳтарама» деб ҳис қилишларини айтар эдилар давоми...

20:25 / 08.02.2017 4268
  Куни кеча 12 октябр куни Москва шаҳрида Мусулмонларга руҳий ёрдам бериш уюшмаси томонидан Ислом маданияти, давоми...

08:55 / 13.10.2018 2885