Битта таяммум ила истаганича намоз ўқийверади.
***
Таяммумни бузувчилар.
Таяммумни унинг аслини (тоҳарат ва ғуслни) синдирадиган нарса ва кишининг покланишга кифоя қиладиган сувга қодир бўлиши синдиради. Муртад бўлиши синдирмайди.
Сув топишдан умиди бор киши учун намозни охирги вақтида ўқиши мандубдир. Агар яқин жойда сув борлигини тахмин қилса, уни бир камон ўқи етадиган масофагача қидириши вожибдир. Юкида сув борлиги эсига тушиб қолса, намозни қайта ўқимайди.
Таяммум ҳақидаги ушбу қисқа жумлалар ўзида жуда ҳам кўп маъноларни ва шаръий амалларни жамлагандир. Энди уларни бирма-бир ўрганиб чиқайлик.
Таяммум тоҳарат ва ғуслдан қуйидаги ҳолатларда ўринбосар бўлади:
Тоҳарат ва ғусл қилмоғи лозим бўлган киши сув ишлатиш имконидан маҳрум бўлса, сув ўрнига тупроқни ўринбосар қилиб, тоҳарат ва ғуслнинг ўрнига таяммум қилади.
Аллоҳ таоло «Моида» сурасида:
«Агар бемор ёки сафарда бўлсаларингиз ёхуд бирорталарингиз тоҳаратхонадан келса ёки аёлларга яқинлик қилса-ю, сув топа олмасаларингиз, бас, покиза тупроқ ила таяммум қилинглар. Ундан юзингизга ва қўлларингизга масҳ тортинглар. Аллоҳ сизларга қийинчилик туғдиришни истамас. Аммо сизларни поклашни ва сизларга Ўз неъматини батамом қилиб беришни истайдир. Шоядки, шукр қилсангизлар», деган (6-оят).
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, пок тупроқ, агар ўн йилгача сув топа олмаса ҳам, мусулмоннинг покланиш воситасидир. Қачон сув топса, уни баданига етказсин. Албатта, ўша хайрлидир», – дедилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилишган.




