Абу Бакр келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сонимга бошларини қўйиб, ухлаб қолган эдилар. Бас, у (Абу Бакр) менга:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва одамларни тутиб қолдинг. Улар сув бор жойда ҳам эмаслар, улар билан сувлари ҳам йўқ», – деди.
Абу Бакр мени итоб қилиб, Аллоҳ нима дейишини хоҳлаган бўлса, ўшани деди ва қўли билан биқинимга турта бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сонимга бошларини қўйиб ётганларигина мени қимирлашдан манъ қилар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ухлаб туриб, сувсиз бўлиб қолдилар. Бас, шунда Аллоҳ таяммум оятини нозил қилди: «Бас, пок тупроқ ила таяммум қилинглар».
Усайд ибн Ҳузайр (у нақиблардан бири эди):
«Эй, Оли Абу Бакр, бу сизнинг биринчи баракангиз эмас», – деди. Оиша айтадики:
«Сўнг мен минган туяни турғизган эдик. Мунчоғимни ўшанинг тагидан топдик».
Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Таяммум тоҳарат ва ғуслдан қуйидаги ҳолатларда ўринбосар бўлади:
Сув бир мил узоқда бўлгани, беморлик, совуқ, душман, чанқоқ, асбоб йўқлиги, аввалбошдан ёки давом эттириш ила ийд намозини ўқиш ёки валийдан бошқага жаноза намози каби ўринбосари йўқ нарсанинг ўтиб кетиши хавфи туфайли сув ишлатишдан ожиз бўлганда.




