Бу жумлаларда қандоқ сув билан тоҳарат ва ғусл қилса бўлиши ва қандоқ сув ила уларни қилиб бўлмаслиги ҳақида сўз бормоқда. Келинг, уларни бирма-бир ўрганиб чиқайлик.
Осмон ва ернинг суви ила. Агар кўп туриш ила ўзгарган ёки унга пок нарса аралашган бўлса ҳам.
«Осмон суви» деганда ёмғир, қор, дўл ва шудринглар англанади.
Аллоҳ таоло «Анфол» сурасида:
«У зот сизларни поклаш учун устингиздан осмондан сув нозил қилур», деган (11-оят).
Шунингдек, Аллоҳ таоло «Фурқон» сурасида:
«Ва осмондан покловчи сув нозил қилдик», деган (48-оят).
«Ер суви» деганда булоқ, қудуқ, чашма, дарё ва денгиз сувлари кўзда тутилади.
Аллоҳ таоло «Зумар» сурасида:
«Аллоҳ осмондан сув тушириб, уни ердаги манбаълардан юритиб қўйганини кўрмадингми?!» деган (21-оят).
Ер юзидаги ҳамма сувларни Аллоҳ азза ва жалла осмондан ёғдирган. Хоҳ булоқ ва қудуқлар, хоҳ ер ости дарёлари ва ер усти дарёлари суви бўлсин–ҳамма-ҳаммаси Аллоҳ таоло осмондан тушириб қўйган сувдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, албатта, биз денгиз (кемаси)га минамиз. Ўзимиз билан озгина сув оламиз. Агар у билан тоҳарат қилсак, чанқаймиз. Денгизнинг сувидан тоҳарат қилаверайликми?» – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«У суви пок, ўлимтиги ҳалол нарсадир»,– дедилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилишган.
Мазкур сувларнинг ҳаммаси покдир ва покловчидир. Агар кўп туриш ила ўзгарган ёки унга пок нарса аралашган бўлса ҳам.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир одамни туяси йиқитди (ўлди). У эҳромда эди. Биз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан эдик. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уни сув ва сидр ила ювиб икки кийимда кафанланг-лар. Унга хушбўй суртманглар ва бошини ҳам ёпманглар. Чунки, Аллоҳ уни қиёмат куни лаббайка айтган ҳолида тирилтиради», – дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Сувнинг ҳоли ўзи шуни талаб қилади. Чунки, сувга турли нарсалар тушиб ёки қўшилиб туриши табиий ҳол. Мисол учун, тупроқ, дарахтларнинг барги, чўпу хаслар ва бошқалар.
Ҳанафий мазҳаби бўйича, сувга суюқ бўлмаган пок нарса аралашса, унинг поклигига зарар етказмайди.
Аммо (аралашган нарса) уни сувлик табиатидан чиқарган ёки пишириш ила ўзгартирган бўлса, бундан мустасно. Чунки, пиширишдан поклик қасд қилинмайди.
Бу ҳолатларда мазкур сувни тоҳаратга ишлатиб бўлмайди.
Агар унга нажас аралашган бўлса, у оқар сув ёки ўнга ўн бўлиб, ҳовучлаб олганда ери очилиб қолмайдиган бўлса, у нажас бўлмайди.
Бу жумладаги «ўнга ўн» ибораси сув сақланадиган ҳовузнинг ҳажмини билдириш учун айтилган. Яъни, сув сақланадиган ҳовузнинг кенглиги ўн аршинга ўн аршин, эни ҳам, бўйи ҳам ўн аршиндан бўлса ва ундан ҳовучлаб сув олганда тагидаги ер очилиб қолмайдиган даражада чуқур бўлса, унинг бир тарафига нажас тушганда бошқа тарафидан тоҳарат қилаверса бўлади. Чунки, бу ҳажмдаги ҳовузлар оқар сувнинг ҳукмида бўлади.
Ҳанафий мазҳаби уламолари, нажас нарса тегиши билан ёки тушиши билан нопок бўлиб қолмайдиган энг оз сув миқдори–эни ўн аршин, бўйи ўн аршинли ҳовузнинг сувига тенг, деганлар.
«Аршин» деганимизда ўртача одамнинг панжаси учидан тирсагигача бўлган узунлик тушунилади. Бу 61,2 см бўлган. Демак, эни ва бўйи 6 метру 12 см.дан бўлган ҳовузнинг суви, Ҳанафий мазҳаби бўйича, нажас нарса тушса, нопок бўлмайдиган энг оз сув ҳисобланар экан.
Тоҳавий Жобир ва Абу Саъийддан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарда эдик. Ичида ўлимтик бор ҳовузга етиб бордик. Биз ҳам, одамлар ҳам тўхтаб қолдик. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга келиб:
«Нимага сув олмаяпсизлар?» – дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули! Бу ўлимтик», – дедик.
«Сув олаверинглар, сувни ҳеч нарса нажас қилмайди», – дедилар.
Бас, сув ҳам олдик, ичиб ҳам тўйдик».
Аммо қачон таъмини, рангини ёки ҳидини ўзгартирса, нажас бўлади.
Бунда оқар сув бўлса ҳам, ҳовуз бўлса ҳам–бари бир.
Рошид ибн Саъддан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сувни ҳеч нарса нажас қилмайди. Илло, унинг рангига, таъмига ва ҳидига ғолиб келган нарсагина қилади», – дедилар».
Тоҳавий ривоят қилган.
Шунингдек, оқар сув бўлмаса ёки ўнга ўн бўлмаса, нажас тушган сув ҳам нажасга айланади.
Демак, мазкур ҳажмдан кичик бўлган ҳовузга нажас тушса, ундаги сув ҳам нажасга айланади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирортангиз оқмай турадиган сувга зинҳор сиймасин. Сўнгра унда ғусл қилади», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.
Сувда туғиладиган ва оқар қони йўқ нарса (сувда) ўлиб қолса, ҳечқиси йўқ.
Сувда туғиладиган ҳайвонлар балиқ, бақа, саратон каби маълум ва машҳур сув ҳайвонларидир.
Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам денгиз ҳақида:
«У суви пок, ўлимтиги ҳалол нарсадир», деганлар.
Оқар қони йўқ ҳайвонлар пашша, чигиртка ва капалак каби ҳайвонлардир.
Салмондан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй Салмон! Ҳар бир таом ёки шаробга қони йўқ жонзот тушиб, унда ўлиб қолса, уни емоғи, ичмоғи ва тоҳарат қилмоғи ҳалолдир», – дедилар».
Имом Дора Қутний ривоят қилган.
***
Тоҳаратга ярамайдиган сувлар.
Ўсимлик ёки мевадан сиқиб чиқарилган ва қурбатга ёки бетоҳаратликни кетказиш учун ишлатилган сув ила тоҳарат қилинмайди.
Демак, уч хил сув билан тоҳарат ва ғусл қилиб бўлмайди.
1. Ўсимликлар ва мевалардан сиқиб чиқарилган сув. Чунки, бу нарсанинг тўлақонли сув эмаслиги ҳаммага маълум.
2. Қурбат учун ишлатилган сув.
Бунда тоҳарати бўла туриб савоб учун яна тоҳарат қилиш кўзда тутилган.
3. Бетоҳаратликни кетказиш учун ишлатилган сув.
Яъни, тоҳарат ва ғуслга ишлатилган сув.




