Дунё муслима олималарининг онлайн анжумани бўлиб ўтди
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

АҚШнинг Калифорния штатида жойлашган Rahmah Foundation ташкилоти мустақил таълим ташкилоти ҳисобланади.  Ташкилот аъзолари  мунтазам равишда  бутун дунё муслималари учун аёлларга хос масалалар бўйича ўқув дастурлари ва турли муносабатлар билан суҳбатлар ташкиллаштириб боради.  Кўп асрлардан буён мусулмонлар Қуръон ва Суннатни илмий гувоҳнома ва сертификат ҳисобланувчи ижоза тизими орқали ҳимоя қилиб, ҳеч бир ўзгаришсиз сақлаб келмоқда. Мазкур ташкилот эса Ислом динини экстремизм ва турли адашишлардан муҳофаза қилиш ниҳоятда муҳимлигини ҳисобга олган ҳолда малакали устозларни танлаб олиб, улар билан ҳамжиҳатликда фаолият олиб боради.  Бу ўқитувчилар минглаб муслималарга диний таълим беришга масъулдирлар.

Куни кеча ушбу ташкилот томонидан муборак зулҳижжа ойининг илк ўн кунлигига бағишланган онлайн анжуман ташкил этилди. Унда ташкилотнинг олима ва устозалари турли мавзуларда маърузалар қилдилар.

 Дастлаб мичиганлик олима, Дамашқда таълим олиб, ижоза олган, Қуръони карим  ҳофизаси, болалар учун «Қуръон менинг энг яқин дўстим» китобининг муаллифи Сюзане Дерани «Ҳаж ва ният» мавзусидаги чиқишида ҳаж сафари ва унинг арконлари ҳақида сўз юритиб, ўзининг ҳаж сафари таассуротлари билан ҳам ўртоқлашди.

Сўнгра калифорниялик олима Шамира Чосиа Aҳмад «Қурбонлик ва унинг тарихи» мавзусида маъруза қилди.  У ҳам Дамашқда таълим ва ижоза олган, шунингдек, Буюк Британия, Жанубий Aфрика университетларида илм олиб кўплаб муваффақиятларга эришган олималардан ҳисобланади. Шамира Чосиа ҳозирда муслима аёлларга  таълим бериш билан шуғулланади. Калифорния штатидаги «Зайтуна» аёллар институтида ҳанафий фиқҳидан аёлларга дарс берган.

Маккаи Мукаррамада туғилган, ҳадис,  фиқҳ, адаб ва сулук, пайғамбарлар тарихи  каби фанлардан таълим бериб келаётган устоза Ҳубаба ал-Каҳф эса «Aрофат тоғи» мавзусида мазмунли нутқ сўзлади.

Ёш авлодга маънавиятдан дарс бериб келаётган фаол аёл Хосай Можаддадийнинг тавоф ва қалб ҳаловати ҳақидаги маърузаси билан анжуманнинг  илмий қисми якунланди.

Сўнгра  Ўзбекистонда 2018 йилда бўлиб ўтган Қуръон мусобақаси иштирокчиси, юртимиз вакиласи  Муяссархон Қаюмова иштирокчилар таклифига кўра муқаддас Қуръони Каримнинг Ҳаж сурасидан ҳаж ибодатига оид оятларни тиловат қилиб берди. Гўзал тиловат тингловчилар қалбига сакинат, ҳаловат олиб кирди.

Тиловатдан сўнг шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг фарзанди аржумандлари, устозамиз Одинахон Муҳаммад Содиқ раҳбарликлари остида  фаолият олиб бораётган, muslimaat.uz сайти қошида ташкил этилган Munshidaat.uz гуруҳи аъзолари опа-сингил Марғуба ва Мадина Мирвалиевалар гўзал нашид ва салавотлар куйлаб, анжуманга байрам шукуҳини олиб кирдилар.

Анжуман сўнгида дунё муслима олима ва устозалари кўплаб зикр ва вирдлар қилиб, бугунги кунда синовли кунларни бошидан кечираётган бутун дунё мусулмонлари ҳаққига хайрли дуолар қилдилар.

Дилузахон Тошпўлатова тайёрлади

Мавзуга оид мақолалар
ТАБРИКНОМАУстозимиз, буюк олим ва мужтаҳид, Ўзбекистоннинг собиқ муфтийси Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф давоми...

21:26 / 08.11.2021 15982
Кеча 15 июнь 2019 йил санасида Хадичаи Кубро аёлқизлар ўрта махсус Ислом билим юртида 20182019 ўқув йили давоми...

16:24 / 16.06.2019 4838
Куни кеча филолог, педагог, журналист Дилфуза Комил муаллифлигида ТWО DOORS интеллектуал семинарлар давоми...

01:38 / 30.07.2021 12367
Оммабоп PrettyLittleThing бренди ўз реклама кампанияси учун биринчи марта қора танли ҳижоб ўраган моделни жалб давоми...

19:12 / 24.10.2020 2514